Латвия Россияга туристик сафарларни тақиқламоқчи

Олам

image

Латвия ҳукумати ўз фуқароларининг Россия ва Беларусга сайёҳлик сафарларини тақиқлаш ниятида. Рига буни латвияликларнинг ушбу мамлакатларда ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва уларни жосус сифатида ёллашга йўл қўймаслик мақсади билан изоҳламоқда. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.

Қайд этилишича, Латвия парламенти бугун, 14 февраль куни мамлакатдаги туристик агентликларнинг Россия ва Беларусь ҳудудида хизмат кўрсатишини тақиқлаш қарорини қабул қилган. Чеклов Латвия ҳудудида рўйхатдан ўтган барча туризм хизматлари тақдим этувчиларига тааллуқли бўлиб, у Россия ва Беларусга қарши санкциялар пакети доирасида жорий этилади.

Нашрнинг ёзишича, депутатлар туризм тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартириш лойиҳасини тегишли қўмитага юборган.

“Биз дам олиш учун (Россия ва Беларусга) саёҳатлар давом этишини ва фуқароларимиз билан тўла автобуслар очиқчасига Латвияни босиб олиш истагини билдирган давлатларга жўнаб кетиши йўл бера олмаймиз”, деди ҳукмрон “Янги бирлик” партияси аъзоси.

У ушбу давлатларга саёҳат қилиш ҳозирда миллий хавфсизлик масаласи эканини таъкидлаган. Депутатнинг сўзларига кўра, 2024 йилда Россия 30 нафар Латвия фуқаросини ҳибсга олган. Бундай ҳолларда Латвия ҳукуматининг ёрдам кўрсатиш имконияти жуда чекланган.

Жорий йил 10 февраль куни Латвия Ички ишлар вазири Рихардс Козловскис ҳам фуқароларини Россия ва Беларусга боришдан тийилишга чақирган.

“Мен тушунаман, у ерда одамларнинг қариндошлари, ишлари бор, лекин бундай сафарларни иложи борича камайтириш керак. Шарқий қўшнилар томонидан таҳдид юзага келса, биз чегарани кунлар эмас, соатлар ичида ёпишимиз мумкин”, деди у.

Козловскиснинг сўзларига кўра, “гибрид уруш шароитида” саботаж ва ташқи аралашув хавфи сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, Россия назоратидаги энергия тизимидан Болтиқбўйи давлатлари узилгач, бундай хавф янада кучайган, бироқ ҳозирча ҳеч қандай ҳодиса юз бермаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Латвия Мудофаа вазири Андрис Спрудс Болтиқбўйи аҳолисини Россия ва Беларусга саёҳат қилишдан тийилишга чақиргани хабар қилинганди. Вазир мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар тўлиқ якунланмагани учун аҳолидан Россия ва Беларусга боришдан тийилишини сўраган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Латвия Беларус туристик сафар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг