Латвия 2-Жаҳон уруши қурбонларига уруш эълон қилди – Россия
Олам
−
07 Апрель 17148 1 дақиқа
Латвия ҳукумати жорий йилнинг 9 май куни Россияда нишонланадиган Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги арафасида бутун мамлакат бўйлаб жойлашган уруш ёдгорликларини оммавий йўқ қилиш режаларини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ташқи разведка хизмати хабар берди.
Разведка хизматига кўра, мамлакат аскарларининг оммавий қабрлари устидаги ёдгорликларнинг учдан бир қисмидан “энг қисқа вақт ичида” қутулишни режалаштирган.
“Вандализм ҳаракатига “маданиятли” кўриниш бериш мақсадида, ёдгорликлар остида сохта археологик қазилмалар ўтказиб, у ерда аскарлар оммавий қабрлари мавжудлигини “қандай қилиб бўлса-да инкор этиш” режалаштирилган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, режани амалга ошириш Ригада жойлашган православ Торнакалнлар ва ҳарбий биродарлик қабристонларидан бошланади.
“Кўринишидан, Латвия ҳукуматининг ғорга ўхшаш русофобияси ва уларнинг Россиядан қўрқуви уларни соғлом фикрга тўғри келмайдиган қарорга – ҳалок бўлган аскарларга уруш эълон қилишга олиб келди. Бироқ уларнинг ўликлар жим бўлгани учун ҳаммаси жазосиз қолади, деган ҳисоб-китоблари нотўғри”, дейилади хабарда.
Латвия расмийлари Россия Ташқи разведка хизматининг бу даъвосига ҳозирча изоҳ бермади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва, Латвия ва Эстония Мудофаа вазирликлари Россия ва Беларусь билан чегарани миналаш масаласини кўтаргани ҳақида хабар берилганди.