Ласетти юкхонасидан катта миқдордаги гиёҳванд модда топилди
Жамият
−
10 Май 2019
5601Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида катта миқдордаги гиёҳванд модда мусодара этилган.
Бахмал тумани «Зафаробод» қишлоғида яшовчи 41 ёшли Ҳосилмурод Элмуродов 15 килограмм 420 грамм опий гиёҳванд моддасини Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманидан мамлакатимизга яширин йўллар орқали олиб ўтади. Сўнгра у ушбу оғуни Самарқанд вилоятига етказиш учун ҳамқишлоғи, чўпонлик билан шуғулланувчи Озод Очиловни ўзига шерик қилади.
Ўй-хаёли тезроқ катта даромад топиш илинжида бўлган Ҳосилмурод Элмуродов ишга “Зафаробод” қишлоғидаги 49-мактабда она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб ишловчи туғишган акасини ҳам жалб қилади.
Шундай қилиб, бахмаллик “наркокурьерлар” томонидан олиб ўтилган катта миқдордаги опий моддасининг 13 килограмм 280 грамми Самарқанд вилояти Ургут тумани “Чеп” қишлоғида яшовчи Шукрулло Сувоновга етказиб берилади.
Ўз навбатида, Шукрулло Сувонов опий моддасини ўзининг Ласетти автомашинасида Самарқанд шаҳрига олиб кетаётган вақтда қўлга олинади.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида Ҳосилмурод Элмуродовнинг яшаш манзили кўздан кечирилганда 2 кг.140 грамм миқдорда “опий” гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштирилиб олинди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.