Кўзбўямачилик: ИИБ ходимлари бўйнига мажбурий план қўйилган

Жамият

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИБ масъулига тегишли аудиоёзув тарқалди. Унда маҳалла профилактика инспекторлари ишига жавобгар раҳбар кам “протокол” тузилаётгани учун ходимларига дакки бераётгани ёзилган. Аудиодаги суҳбатдан раҳбарнинг ўзи ҳам юқоридагилар олдида дакки эшитганини тахмин қилиш мумкин. Хусусан аудиода шундай дейилади:

“Олмазор тумани ҲПБ (таҳр. – ҳуқуқий профилактика бўлими) бошлиқлари, 1-ГОМ, 2-3-5-6-8-ГОМ (таҳр. - ГОМ – ҳудудий ички ишлар бўлими).

Ҳозир селектор тугади, шаҳар раҳбарияти - Вафоев ўтказди (таҳр. - Вафоев Махкам Миржанович, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, полковник). Жуда “жёсткий” бўлди селектор. Сўров қаттиқ бўлади.

Олмазор тумани “вообще” дабдала қилди. Сизларнинг қўл остингизда ходимлар ишлаяптими, “участковый”лар? “Результат” қилмагандан кейин, ҳаммамиз дабдала бўлдик”, дейди раҳбар.

У бир неча кундан бери кам баённома тузилаётганига эътироз билдириб, кечаси яна йиғилиш ўтказишини айтиб, кунлик режа берган. Йиғилишда афтидан, режанинг қанчалик бажарилгани сарҳисоб қилинади.

“Олмазор тумани йўқ, “больше не существует” биз учун деяпти. Ҳозир эшит, диққат билан! Кечқурун ҳам 22:00да селектор, мен кираман. Лекин қайси “ГОМ” “результат” бермаса, мен айтаман ҳозир қанақа “результат”лигини, мен қўйиб бераман. Уч кундан буён “протокол” (таҳр. – бу ерда ҳуқуқбузарлик учун тузиладиган маъмурий баённома) бермаяпсизлар.

Майли, ҳеч бўлмаса кундузи 15-20 нафар “участковый” чиқса, иккитадан “протокол” қилса ҳам 40 та бўлади. Бало ҳам йўқ. 11 та “протокол” кеча, ўтган куни 6 та, уч кун олдин 6 та.

Кимдир ишга чиқяпти-ку кундуз куни. Мен ёзиб оламан, кундуз куни қайси “участковый” ишлаяпти ва кечқурунгача у нима иш қилди, нечта “протокол” тузди. Ҳар бир “участковый” бештадан “протокол” тузсин, ҳар хил модда билан. Майли, агар суд ишламаса, “арест” (таҳр. – маъмурий қамоқ жазоси) қилмасин, жин урсин. Бошқа модда билан “протокол” тузсин.

Қийин бўляпти жавоб бериш, сизлар кирмайсизларда селекторга. Кетган бўласизлар ўша пайтда.

Майли, қатнашманглар, лекин “результат” қилиб беринглар. Менга гапиряпсан “одамлар ўлиб кетяпти” деб. Қўлингдан келмайди одамларни қутқариш. Фақат шунинг олдини олиш бўйича ишлайсан, кимгадир ёрдам берасан, 183 бўйича “протокол” тузилса, шу ёрдаминг бўлади (таҳр. – МЖтК 183-моддаси (майда безорилик) назарда тутилмоқда). Бошқа нарса қўлингдан келмайди одамни қутқариш учун. Ишдамисан, демак ишлаш керак. Коронавирус, коронавирус, коронавирус дейсанлар. “Результат” қилиб бер менга, “результат” сўраяпмиз сендан.

54 бўйича маҳаллада юрса, далолатнома, рапорт, расмга ол, юборамиз СЭСга (таҳр. – МЖтК 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) назарда тутилмоқда). Ёки бошқа материал тўпла, мингта одам ниқобсиз юрибди.

Майли, битта “ГОМ”да учта “участковый” бўлса, иккитадан, учтадан тузсин, ўнта “протокол” бўлади шунда”, дейди масъул қўл остидагиларга.

Тарқалган аудио юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий муносабат билдириб, ИИБ масъулининг сўзларига изоҳ берган, раҳбар аслида нима демоқчи эканини тилмочга ўхшаб “таржима” қилган. 

ИИББ шарҳига кўра, “Натижа” сўзидан мурод – профилактика инспекторларининг иш сифатидир. Бунинг кўрсаткичи эса аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигининг ошиши, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сонининг пасайишида ифода топиб, кўрилган чораларнинг самарасидан дарак беради.

Яна ўша бош бошқарманинг айтишича, “план” сўзи кунлик юклама эмас экан. Ходимларига кунлик режа берган раҳбарнинг айтганлари қуйидагича талқин қилинган.

“Режага тўхталсак. “Режа” сўзини расмийлаштирилган баённомалар сони деб тушуниш нотўғридир. Ҳар қандай фаолиятда иш режаси зарур бўлади. Профилактика инспекторларининг иш режаси деганда аҳоли билан, фуқароларнинг алоҳида тоифаси билан ишлаш режаси назарда тутилиб, мазкур режа ишониб топширилган маҳалла ҳудудидаги криминоген ҳолатдан келиб чиққан ҳолда мувофиқлаштирилади”, дейди ИИББ.

Бошқарма шахсий таркибга вазифаларнинг нотўғри етказилиши муносабати билан, раҳбар бўлмаган ва шахсий таркиб олдига вазифа қўйиш ваколатига эга бўлмаган Олмазор тумани ИИО ФМБ ходимига нисбатан хизмат текшируви белгиланганини қўшимча қилган.

Шу ўринда ЎзАда келтирилган бир маълумотни эслатиб ўтиш фойдалидек кўриняпти. Миллий ахборот агентлигининг ёзишича, аудиодаги овоз Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси махсус топшириқлар бўйича инспектори подполковник Фаррух Холовга тегишли. Унинг лавозими – Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси махсус топшириқлар бўйича инспектор уни айнан ходимларга ишни тақсимловчи шахсдек кўрсатяпти.

Нима бўлганда ҳам профилактика инспекторларига кунлик юқлама бериш уларнинг аҳолига босим ўтказишига сабаб бўлади. Карантин сабаб даромадсиз қолган аҳоли эса жарима ҳар қанча енгил ва кам бўлмасин уни тўлашга қийналади. Шундай экан, юқоридаги раҳбарлар олдида гап эшитмаслик учун аҳолига босимни орттириш тўғри иш бўлмайди. Албатта, ҳақиқатда қоидани бузучи фуқаролар бундан мустасно.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ профилактика инспектори

Баҳолаганлар

324

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг