Кўпхотинлиликни тарғиб қилган 14 киши жазоланди
3-саҳифа
−
31 Октябрь
6254Ўзбекистонда ўтган бир йил мобайнида кўпхотинлиликни тарғиб қилган 14 нафар шахс жазоланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47-8 (икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш) ҳамда 189-2 (жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш) моддалари билан тўлдирилган.
Ўтган бир йил мобайнида 47-8-модда билан бугунга қадар 14 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 13 нафарига маъмурий жарима, 1 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
189-2-модда билан 7 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг барчасига маъмурий жарима жазоси қўлланилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бундан ташқари, Оила кодексининг 16-моддасига асосан лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек, бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 миллион 950 минг сўмдан 9 миллион 900 минг сўмгача) жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шахсий Instagram саҳифасида “аёл киши ҳар қандай вазиятда ҳам эрига итоат қилиши керак” мазмунидаги видеоролик жойлаган блогерлар маъмурий жавобгарликка тортилганди. 2023 йилнинг дастлабки олти ойи мобайнида эса 4 нафар фуқаро кўп хотинли бўлгани учун судланган. 2018-2022 йиллар давомида Жиноят кодексининг 126-моддасида (кўп хотинли бўлиш) назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун 34 нафар шахс судланган бўлиб, уларга тегишли жазо тайинланган.
LiveБарчаси