Кунига 10 минг қадам юрганларга имтиёз берилади – Президент қарори лойиҳаси
Спорт
−
23 Сентябрь 2020
40832Ўзбекистонда юриш бўйича маълум миқдорни босиб ўтганларга давлат хизматларини кўрсатишда 50 фоизлик чегирма берилиши назарда тутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида айтилган. Қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида “Янги нафас” платформасини ишга тушириши лозим.
Бунда, бир кунда камида ўн минг, бир ой давомида уч юз минг, бир йил давомида 3,6 млн қадам юрган шахсга барча давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 50 фоиз имтиёз берилишини ҳамда спорт иншоотларидан фойдаланиш учун абонемент тақдим этилишини назарда тутилмоқда.
Қарорда Адлия вазирлиги “Янги нафас” платформасини давлат хизматлари кўрсатиш тизими билан интеграция қилинишини таъминлаши белгиланмоқда.
Қолаверса, меҳнат жамоалари аъзоларининг “Янги нафас” платформасидан фойдаланиш самарадорлиги натижаларига қараб вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат бошқарув органлари раҳбарларининг ишига Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг хулосасига асосан баҳо берилади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15