Кулеба Украина Россия билан музокаралар столига қачон қайтишини айтди

Олам 7616
image

Киев Россия Федерациясининг “жанг майдонидаги мағлубияти”дан кейингина Москва билан музокараларга тайёр бўлади. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба бугун, 18 июль куни “Forbes Украина” журналига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

“Аввал фронтдаги вазиятни ўзгартирайлик, кейин гаплашамиз. Музокаралар фронтдаги вазият билан бевосита боғлиқлигини ҳамма тушунади. Мен барча шерикларга оддийгина айтаман: Россия жанг майдонидаги мағлубиятдан кейин музокаралар столига ўтириши керак. Акс ҳолда, у яна ультиматумлар қўяди”, дейди Кулеба. 

Унинг қайд этишича, Украина Президенти Владимир Зеленский бу масала бўйича принципиал позицияга эга.  

“У музокаралар бўлиши мумкинлигини инкор этмайди, аммо Россиянинг тажовузкор хатти-ҳаракатларини ҳисобга олсак, энди бунга ҳеч қандай асос йўқ. У музокараларга шама қилган давлат раҳбарларига буни жуда аниқ айтди. Улар ҳам бу ҳақда гапиришни тўхтатдилар”, дейди вазир. 

Музокаралар

3 июль куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков мамлакатлар ҳарбий ҳаракатлар давом этишига таяниб, “украиналикларга тинчлик ҳақида ўйлаш ёки гапиришга, тинчликни муҳокама қилишга имкон бермаяпти”, деди. 

Россия-Украина музокаралари 28 февралдан бери давом этмоқда. Беларусда бир қанча учрашувлар бўлиб ўтди, кейин томонлар видеоалоқа орқали мулоқотни давом эттирдилар. Март ойи охирида Истанбулда юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Апрель ойида Россия Президенти Владимир Путин журналистларга берган интервьюсида Киев Туркиядаги музокараларда эришилган келишувлардан узоқлашиб, бу жараённи боши берк кўчага олиб келганини айтганди. Песков шундан сўнг Россия Украинага келишувлар ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини тушунарли тилда топширгани ва жавоб кутаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, Москва музокараларни музлатиш бутунлай Киевнинг ташаббуси эканини таъкидлади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 80
Рейтинг: 3
t
×