“Кўксарой”да Парагвай Президенти кутиб олинди
Жамият
−
11 Декабрь 3474 1 дақиқа
Бугун, 11 декабрь куни Тошкентдаги “Кўксарой” қароргоҳида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пеньяни кутиб олиш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Сантьяго Пеньянинг Ўзбекистонга ташрифи 11-13 декабрь кунларига мўлжалланган. Унга сафар давомида рафиқаси Летиция Окампос ҳамроҳлик қилмоқда.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон билан Парагвай ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, рақамлаштириш, туризм ҳамда спорт соҳаларида амалий шерикликни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилади.
Парагвай етакчиси, шунингдек, Халқаро автомобиль федерацияси Бош ассамблеясида ва федерация шафелигида ўтказиладиган мусобақалар ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этади.