Кўкракни катталаштириш саратонга олиб келади
Саломатлик
−
14 Апрель 2021
20215Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили 1,5 миллионга яқин аёлда кўкрак бези саратони аниқланади. Саратоннинг ушбу тури аёллар орасида ўлим ҳолатлари бўйича иккинчи ўринда туради. Бунга эса айрим ҳолатларда аёлларнинг пластик жарроҳлик амалиёти орқали кўкракни шишириш ҳаваси ҳам сабаб бўлиб, гўзалликка қўйилган ортиқча ружу охир-оқибат саратонни етаклаб келиши мумкин. Бу ҳақда Республикаси онкология илмий маркази Онкомаммология бўлими раҳбари, Республика бош маммологи, профессор Лола Алимхўжаева QALAMPIR.UZ’нинг “Жим туринг” лойиҳасида маълум қилди.
“Бу урф бизга Европадан келган. Лекин Европани ўзи “мода”дан аллақачон воз кечган. Бугунги кунда табиий ҳолат “мода”да. Аёлларнинг табиий, чиройли ҳолати, ўша айтилганидек, Европа стандартига киради ва бугун мана шу табиий ҳолат урфда. Нафақат бизда, балки собиқ иттифоқ мамлакатларида аёллар кўкракни катталаштириб, бунда силикондан фойдаланишади. Аммо бу яхшиликка олиб келмайди”, дейди шифокор.
Ўзбекистонда ҳам аллақачон кўкрак безлари билан боғлиқ пластик операцияларни амалга оширувчи махсус клиникалар мавжуд бўлиб, улардаги турли амалиётлар нархлари ўртача 800 долларда 4000 минг долларгача баҳоланади.
Лола Алимхўжаеванинг маълум қилишича, бундай операцияларни шифокорлар тавсия қиладиган ҳолатлар ҳам мавжуд ва жарроҳлик амалиёти олдидан, албатта, онкомомолог кўриги шарт.
“Албатта, баъзи қизлар ва аёлларга ўзимиз тавсия қиламиз. Масалан, ёшлигидан амастия – кўкрак кам ривожланиш касаллигига чалинганларга пластик жарроҳлик амалиёти тавсия этилади. Бироқ буни ҳам ўз талаблари бор. Насл тоза бўлиши керак. Шунингдек, онкомомолог кузатувидан ўтиб, шифокорнинг кўриги бўлиши шарт. Агар саратонга мойиллик бўлса, ёки саратонолди касалликларга мойиллик бўлса, бундай аёлларга тавсия бермаймиз. Чунки бу кейинчалик саратонга олиб келиши мумкин.
Табиатга қарши борманг, у барибир қасдини олади. Бундай нарсаларни ўйлаб қилдириш керак. Тўғри, ҳозир ижтимоий тармоқларда бундай операцияларнинг чиройли натижаларга бой рекламаларини кўрамиз. Лекин, ортида қанча салбий изоҳлар бор. Рекламаларда қанчадан қанча операциялар нотўғри қилингани, қанчадан қанча салбий оқибатлар келиб чиққани ҳақида ёзилмайди”, дейди Республика бош маммологи, профессор Лола Алимхўжаева.
Маълумот ўрнида, суюқ керосин инъекциялари билан кўкракни катталаштириш биринчи марта 1889 йилда амалга оширилган ва 1895 йилда турли хил моддаларни имплантация қилишга уринишлар бошланган. ХХ асрнинг биринчи ўн йилликларида фил суяги, шиша шарлар, каучук, ҳўкиз хафтаси, ёғ тўқималари, жун, гутта-перча, полиетилен лента, полиетилен ва поливинил губкалар (шу жумладан полиетилен пакетларда), кўпикли полиэстер, полистирол, полиуретан, полиэстер ва тефлон силикон протезлари кўкракни катталаштириш қўлланилган. Бундай операциялар салбий оқибатларга олиб келди.
1945 ва 1950 йилларда кўкрак ҳажмини ошириш учун кўкрак деворини айлантириш бўйича операция ўтказилди. 1950 ва 1960 йилларда камида 50 000 аёлга турли хил синтетик материаллар, шу жумладан суюқ силикон ва поливинил губкалар киритилди.
1961 йилда биринчи силикон имплантларни Хюстондаги пластик жарроҳлар Томас Кронин ва Френк Геров ишлаб чиқдилар. Улар биринчи бўлиб 1962 йилда Жан Линдси томонидан ўрнатилди. 1964 йилда француз компанияси "Арион" имплантларнинг яна бир турини ишлаб чиқди. Бундай имплантларнинг қобиғи силикон эластомердан тайёрланади ва сув-шўр эритма билан тўлдириш сут безига қўйилгандан кейин содир бўлади.
1980 йилларнинг бошларида силикон имплантлари кўкрак бези саратонига олиб келиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. 1982 йил январь ойида Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси уларни учинчи хавфли синфга кўра таснифлашни таклиф қилди. 1988 йил июнь ойида бундай тасниф амалга оширилди. Хавфсизлиги ва самарадорлиги тўғрисида маълумот бериш учун ишлаб чиқарувчиларга 1991 йил июлгада муддат берилди. 1991 йил сентябрь ойида Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган материалларни ўрганиб чиқиб, уларнинг маълумотлари маҳсулотларнинг хавфсизлиги ёки хавфлилигини тасдиқламаганлигини айтди ва қўшимча маълумот сўради. 1992 йил февралга келиб Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси ва Умумий ва пластик жарроҳлик асбоблари панели томонидан биргаликда олиб борилган тадқиқотдан сўнг силикон имплантлардан фақат тиббий сабабларга кўрава фақат махсус рухсатномадан кейин фойдаланиш тавсия этилди. Фақатгина шўр сув билан тўлдирилган имплантатлар косметик воситалардан фойдаланишга рухсат берилган.
Республика бош маммологи, профессор Лола Алимхўжаева билан эксклюзив суҳбат қуйидаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси