Космонавтлар майдонини “тюнинг” қилишга рухсат тегди, аммо...

Жамият

image

Тошкентнинг Яккасарой туманидаги Космонавтлар майдонида Владимир Жонибеков ҳайкали олдидаги гранит плиталар жойига қайтарилади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги агентлиги Матбуот котиби маълум қилди.

Агентлик вакилига кўра, кеча, 15 февраль куни Агентлик илмий кенгаши мажлиси ўтказилган. Кенгаш объектнинг тарихий бадиий қимматига таъсир кўрсатмаган ҳолда реконструкция лойиҳасига рухсат берган.

“Маданий мерос объектининг лойиҳавий, тарихий ва бадиий қийматига таъсир кўрсатмаган ҳолда объектдан олинган плиткаларни ҳам жойига қайтариш шарти лойиҳага рухсат берилган. У ернинг плиткалари ҳам маданий мерос ҳисобланади”, дейди агентлик матбуот котиби.

Илмий кенгаш йиғилишида маданий мерос объекти ҳудудида ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилгани учун қурилиш компаниясини жавобгарликка тортиш борасида оғиз очилмаганга ўхшайди. Агентлик вакили қонунга зид ҳаракат учун жавобгарликка тортиладими деган саволга қуйидагича жавоб берди:

“Бу ҳақда ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ”.

Илмий кенгаш эса тақдим этилган лойиҳага қўшимча қилиб мавжуд бўлган тарҳ ечимларини тақдим этиш шарти билан рухсат берган.

Қайд этиш керакки, Космонавтлар майдонидаги плиталар кўчириш вақтида бутунлай синдириб, яроқсиз ҳолатга келтирилган. бу ҳолатда улар қандай қилиб қайтарилиши даргумон.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Космонавтлар майдони Владимир Жонибеков ҳайкали олдидаги гранит плиталар бузиб ташланаётгани ҳақида эътирозли хабарлар тарқалгани, қурилиш Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси томонининг рухсатисиз бошлангани, шу боис “MIMAR GROUP” МЧЖга огоҳлантириш хати берилгани ҳақида хабар берган эдик.

Мунозаларга сабаб бўлган ҳолат бўйича кеча, 15 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги Космонавтлар майдонида бошланган таъмирлаш ишлари ҳақида маълумот берди. Аммо, ҳокимлик бу таъмирлаш ишларининг нима сабабдан ўзбошимчалик билан бошлангани ҳақида лом-лим демади.

Кейинроқ Яккасарой тумани ҳокими маданий мерос объектида ишларни бошлаб юборгандан кейин қонуний рухсат олиш ҳаракати бошланганини тушунмовчилик деб изоҳлаб қўя қолган.

Катта баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида Бош вазир Абдулла Арипов, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам Космонавтлар майдонига етиб борган. Шунда маълум бўлдики, лойиҳа бюджет маблағидан эмас, AKFA компанияси томонидан молиялаштирилган. Энди навбатдаги масала кун тартибига чиқди: жамоатчилик AKFA компаниясининг бу ҳотамтойлиги ортида нима тургани билан қизиқмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг