“Шаффоф эмас!”. Космонавтлар майдони AKFA томонидан таъмирланаётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда

Жамият

image

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Космонавтлар майдони Владимир Жонибеков ҳайкали олдидаги гранит плиталар бузиб ташланаётгани ҳақида эътирозли хабарлар тарқалгани, қурилиш Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси томонининг рухсатисиз бошлангани, шу боис “MIMAR GROUP” МЧЖга огоҳлантириш хати берилгани ҳақида хабар берган эдик. Катта баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида Бош вазир Абдулла Арипов, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Космонавтлар майдонига етиб борган. 

Блогер Никита Макаренконинг ёзишича, ҳоким лойиҳа давлат бюджетидан эмас, балки AKFA компанияси ҳисобидан молиялаштирилаётганини маълум қилган.

Эндиликда майдондаги таъмирлаш ортидан, навбатдаги масала кун тартибига чиқди. Жамоатчилик AKFA компаниясининг бу ҳотамтойлиги ортида нима тургани билан қизиқмоқда. Иқтисодчи блогер Отабек Бакиров зудлик билан мамлакатни қонун йўриғига қайтариш кераклигини айтмоқда. 

“Эмишки, Космонавтлар майдонида бузиб-қуриш ишлари AKFA маблағлари ҳисобидан амалга оширилармиш.

Биринчи савол, қачондан буён жамоат маконларини, яна маданий мерос рўйхатидаги объектларни хусусий компания ўз истаганича бузиб-қурадиган, молиялаштирадиган бўлиб қолди? Ким, қайси муассаса унга буюртмачи бўлишга рухсат берди. Ким лойиҳани тасдиқлади? Эртага бу кетишда масалан, AKFA Кўкалдош мадрасасини ҳам бориб бузиб-таъмирлайверадими, мадрасага AKFA ром-эшиклар ўрнатадими?

Иккинчидан, AKFA Космонавтлар майдонини таъмирлаши хоҳишларида ҳеч қандай иқтисодий маъно йўқ. Худди ҳокимга Mercedes совға қилишдан иқтисодий маъно бўлмагани сингари. Бу қайсидир схеманинг боши, ўртаси ё охири ва у аниқки, шаффоф эмас. Исталган нормал мамлакатда бундай прецедент мустақил маҳкама назоратига олинади. Иқтисодий мазмунга эга бўлмаган ушбу ҳаракатда, аниқки, бошқа манфаатдорлик мавжуд. 

Учинчидан, замҳокимнинг айтишича, лойиҳа қиймати аниқ эмас экан, лекин тендер ўтказилганмуш. Бу жудаям кулгули. Бу гапларни эшитиб қайси аҳмоқ ишониши керак? Лойиҳа тайёр эмас экан, қандай қилиб тендер ўтказдиларинг?

Иқтисодий эркинлик рейтинги Ҳуқуқ устуворлиги компонентларида тубга иниб кетганимиздан асло ҳайрон бўлмаслик керак”, деб ёзмоқда Бакиров. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

427

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг