Кўчага қувилаётган тадбиркорлар муаммосига масъул муносабат билдирди
Таҳлил
−
13 Январь 2020
4351Ёдингизда бўлса, QALAMPIR.UZ сайтида “Ваъдаларга ишониб, оқибатда кўчага қувилаётган тадбиркор қонунлар ишлашини кимдан талаб қилсин?” номли мақола эълон қилинганди. Унда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “ALL SOLAR” хусусий корхонаси директори Музаффар Тилавов ва “Asra prom textile” МЧЖ директори, туркиялик инвестор Албайрак Рамазоннинг мурожаат атрофлича ўрганиб чиқилган. Мурожаатда улар фаолият юритиб келаётган бино ноқонуний тарзда айрим мутасаддилар томонидан тортиб олинаётгани баён қилинганди.
Мақолада шунингдек, Тошкент шаҳар давлат мулкини ижарага бериш марказининг Яккасарой тумани бўйича масъул ходими Муҳиддин Мелиқулов журналистларга берган интервюсида, ўртада тузилган 10 йиллик шартномалар қонуний экани, юридик кучидалиги, у бекор қилинмагани ва бекор қилиш бўйича юқори ташкилотлардан топшириқ келмаганини билдирганди. Аммо давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига ва Яккасарой кичик саноат зонасига бинонинг берилишини тезлаштириш ва бу борада қандай ёрдам зарур бўлса, ташкилот томонидан ёрдам қўли узатилиши таклиф қилинган хат чиқарилгани айтилганди. Ҳолат юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги “Тошкент шаҳар давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат корхонаси QALAMPIR.UZ’га муносабат билдирди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ давлат мулклари, балансда сақловчилар тасарруфидаги бино ва иншоотларнинг ижарага берилиши “Ижара маркази” орқали уч томонлама шартнома асосида расмийлаштирилади.
“Мазкур қарорга мувофиқ 2017 йил 3 мартда ижарага берувчи “Тошкент шаҳар давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат корхонаси, балансда сақловчи “Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси” давлат унитар корхонаси ва ижарага олувчи “All Solar” хусусий корхонаси ўртасида 3251/11-17-сонли уч томонлама ижара шартномаси тузилган. Унга кўра, Яккасарой тумани, Шота Руставелли кўчаси, 53б-уй манзилидаги 2300 кв.м майдон “Енгил саноатнинг бошқа ишлаб чиқариш тармоқлари” фаолияти учун 15.02.2017 йилдан 31.12.2026 йил муддатга қадар ижарага олувчи “All Solar” хусусий корхонасига ижарага берилган.
Агентлик ҳозирги кунга қадар хусусий корхона томонидан барча тўловлар ўз вақтида тўлаб келинаётгани ва уч томонлама ижара шартномаси бекор қилинмаганлигини маълум қилади”, дейилади расмий муносабатда.
Бордию агентлик қайд этганидек ҳаммаси ўз ўрнида бўлса, нимага бу тушунтиришлар тадбиркорга баён қилинмаяпти. Масъуллар нима учун тадбиркор билан учрашиб, унинг эмин-эркин фаолияти давом эттиришига масъул бўлолмапти. Нега улар муаммога дуч келганда яна ОАВ эшигини қоқяпти?
LiveБарчаси