Ваъдаларга ишониб, оқибатда кўчага қувилаётган тадбиркор қонунлар ишлашини кимдан талаб қилсин?

Жамият

QALAMPIR.UZ таҳририятига Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “ALL SOLAR” хусусий корхонаси директори Музаффар Тилавов ва “Asra prom textile” МЧЖ директори, туркиялик инвестор Албайрак Рамазон мурожаат қилди. Мурожаатда улар фаолият юритиб келаётган бинони ноқонуний тарзда айрим мутасаддилар томонидан тортиб олинаётгани баён қилинганди.

2017 йилнинг февраль ойида Президент Шавкат Мирзиёев ва Тошкент шаҳридаги Яккасарой кичик саноат зонасида фаолият юритаётган тадбиркорлар ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Мазкур учрашувда корхона раҳбари Музаффар Тилавов билан шахсан Президент суҳбатлашиб, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган қуёш нуридан энергия олиш асосида ишлайдиган замонавий ускуналарга эътибор каратилган, фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва янги ишчи ўринларини кўпайтириш бўйича топшириқлар белгиланган.

Шундан сўнг, уларга Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Давлат рақобат қўмитаси раҳбарияти томонидан Яккасарой кичик зонасига қарашли Шота Руставелли кўчаси 53Б, 52-блок манзилида жойлашган 3 қаватли бинодан фойдаланиш таклиф қилинган. 2017 йил 3 март куни тарафлар “ALL SOLAR” корхонаси (ижарага олувчи) ва “Тошкент шаҳар давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат корхонаси (ижарачи) ҳамда “Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси” давлат унитар корхонаси (балансда сақловчи) ўртасида уч тарафлама инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан ижарага бериш шартномаси тузишган. Худди шундай шартномани туркиялик инвестор билан ҳам тузишган. 

Шартномага кўра, “ALL SOLAR” корхонаси зиммасига бинонинг 2300 метр кв жойи учун 10 йил муддатга ижара тўловларини тўлаш ва 590 миллион сўмлик таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда 2 миллиард 113 миллион сўмлик замонавий ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилиш мажбурияти белгиланган.

Корхона 590 миллион сўм ўрнига замонавий ва белгиланган талабларга жавоб берадиган бино қилиш учун 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган. Капитал таъмирлашдан сўнг бино талаб даражасидаги кўринишга келган.

“HAMKORBANK”нинг Чилонзор филиалидан 100 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, бунга қўшимча шахсий маблағлари ҳисобидан жами 310 минг АҚШ долларига ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиб ўрнатишган. Ҳозирда корхонада 23 нафар малакали ёш мутахассислар томонидан 100/150/200 литр ҳажмдаги қуёш нури орқали сув иситиш қурилмалари, 300 ваттдан 10 киловаттгача қуёш фото электро станциялари (ФЭС) ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилмоқда. 

Ўтган 2017-2018-йиллар ва 2019-йилнинг 11 ойи давомида давлат бюджетига корхона томонидан 1,7 миллиард сўмлик солиқ тўловлари амалга оширилган.

Бироқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 сентябрдаги “Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 11-бандида Тошкент шаҳар ҳокимлигига “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига маҳаллий тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг доимий фаолият кўрсатувчи кўргазма майдончаси ташкил қилиш учун Тошкент шаҳар, Яккасарой туман, Бобур кўчасидаги 44-б уй манзилида жойлашган 3 қаватли бинони унга туташ ҳудуди билан баланс қийматида топшириш белгиланганлиги уларни жуда оғир аҳволга солиб қўйган. 

Демак мазкур манзилдаги бино Президент қарори лойиҳаси тайёрланаётганда ташаббускорлар томонидан тўлиқ ўрганилмаган. Акс ҳолда, Яккасарой кичик саноат зонаси балансидаги ишлаб турган бино кўргазма зали сифатида бошқа шахсларга бериб юборилмасди.

“Ушбу бино тақдири бундай бўлишини билганимда мен унга миллиардлар сарфлаб таъмирлатмаган бўлардим. Менинг қўлимга шартномани тутқазиб, инвестиция шартларини бажаришимни айтишди. Инвестиция киритмаганимда менга миллионлаб жарималар қўллашарди. Биз ўз вазифамизни бажариб, фаолиятимизни энди тўлиқ йўлга қўя бошлаганимиздан кейин бундай муаммолар содир бўлмоқда”, деди Музаффар Тилавов.

Директорга кўра, “Ўзтўқимачиликсаноат” олмоқчи бўлган биноларининг юридик манзилини Шота Руставелли 53Б, 52-блок эмас, балки хатоликка йўл қўйиб Бобур кўчаси 44Б деб нотўғри кўрсатишган. Қизиғи, ҳужжатда уларнинг бинони таъмирлаш учун сарфлаган маблағлари умуман ҳисобга олинмаган. 

Яқинда мазкур ҳолат юзасидан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Бахтиёр Муҳаммадсаидов журналистларга берган интервюсида ушбу манзилда кўрсатилган бино уюшмага қарашли бўлгани ва кейинроқ давлатга самарали фойдаланиш учун бериб юборилганини айтган. 

Бироқ кўчмас мулк инвентаризатори Р.Пўлатов берган маълумотномада “Ўзбектўқимаш” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси (ҳозирги “Ўзтўқимачиликсаноат”нинг эски номи) ва “SATEKS TASHKENT TEKSTIL” МЧЖ шаклидаги чет эл корхонаси ўртасида 2006 йил 15 ва 18 июлда тузилган ўзаро олди-сотди шартномасига асосан, 2006 йил 9 октябрь куни кадастр ҳужжатлари корхона номига расмийлаштирилган. 

Маълум бўлишича, иккала корхона раҳбарлари ва “Ўзтўқимачиликсаноат” раҳбарияти ўртасида муаммони бартараф этиш юзасидан 2019 йилнинг 13 ноябрида учрашув бўлиб ўтган. Аммо тарафлар умумий келишувга эриша олишмаган. Тадбиркорлар амалий ёрдам сўраб, бир нечта ташкилотларга мурожаат қилишган. Лекин натижа бўлмаган.

Тошкент шаҳар давлат мулкини ижарага бериш марказининг Яккасарой тумани бўйича масъул ходими Муҳиддин Мелиқулов журналистларга берган интервюсида, ўртада тузилган 10 йиллик шартномалар қонуний экани, юридик кучидалиги, у бекор қилинмагани ва бекор қилиш бўйича юқори ташкилотлардан топшириқ келмаганини билдирган. Аммо давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига ва Яккасарой кичик саноат зонасига бинони берилишини тезлаштириш ва бу борада қандай ёрдам зарур бўлса, ташкилот томонидан берилиши таклиф қилинган хат чиқарилган.  

Юқоридаги ҳолатга турк инвестори Албайрак Рамазон ҳам ўз муносабатини билдирди.

“Ўзбекистонда қонун ишламаяпти. Орада кўп одам бор. Давлат ташкилотларидан амалий ёрдам сўрадик, лекин ёрдам беришмаяпти. Элчихона жавобини ҳам кутяпмиз. Бунақа ҳолатлар бўлаверса ким келади бу ерга ишлагани?”, дея ўз эътирозларини билдирди Албайрак Рамазон.

Нега мутасаддилар Президентга имзолаш учун ҳуқуқий ҳужжатни олиб киришаётганда барчасини аниқ ҳисобга олишмади? Нега ўртада ҳуқуқий кучга эга бўлган шартнома бўлсада, улар тадбиркор ва инвесторни кўчага ҳайдаб чиқаришмоқчи? Нега “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ушбу ҳолатда икки хил ҳаракатланмоқда? Уюшмаси раиси ўринбосари Бахтиёр Муҳаммадсаидов бино ҳудуди “SATEKS TASHKENT TEKSTIL” МЧЖга сотилганини индамай давлатга самарали фойдаланиш учун берилган демоқда? 

Нега бир тарафдан Тошкент шаҳар давлат мулкини ижарага бериш марказининг Яккасарой тумани бўйича масъул ходими бўшатиш бўйича топшириқ йўқлигини айтиб, бошқа тарафдан давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига ва Яккасарой кичик саноат зонасига бинони берилишини тезлаштириш ва бу борада қандай ёрдам зарур бўлса, ташкилот томонидан берилишини таклиф қилмоқда? Нега улар мурожаат қилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ва бошқа давлат ташкилотлари уларнинг мурожаатини четда қолдирмоқда? Нега бу ҳолатда қонун ишламаяпти? Миллиардлар сарфлаган тадбиркорлар тақдири эндиликда нима бўлади? У ердан ризқ топиб оиласини боқаётганларчи? Келишувга эришиладими?

Саволлар кўп. Жавоблар эса йўқ. QALAMPIR.UZ сайти ҳозирча воқеалар ривожини кузатади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

159

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг