Кўчада намоз ўқиган ўзбекистонлик Россиядан чиқариб юборилди

Олам

image

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Приморский туман суди Ўзбекистон фуқаросини миссионерлик фаолияти билан шуғуллангани учун жаримага тортди ва мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Санкт-Петербург судининг матбуот котиби Дарья Лебедева хабар берди.

Суд материалларига кўра, 2026 йил 12 май куни соат 19:45 атрофида Дадабоев Савушкина кўчасида полиция ходимлари томонидан қонунчиликни бузган ҳолда кўчада намоз ўқиётган вақтда ушланган.

Маълум қилинишича, у диний маросим ўтказиш учун тегишли ваколатга эга бўлмаган ҳолда имом сифатида чиққан ва маҳаллий ҳокимият органлари билан келишмасдан жамоат жойида намоз ўқиган.

Дадабоев Ўзбекистон фуқароси бўлгани сабабли унга нисбатан Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 5.26-моддаси 5-қисми (виждон эркинлиги, диний эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) қўлланган.

Судда у айбини амалда тан олган, баённомадаги маълумотларни тасдиқлаган ва бу ҳаракатлар тақиқланганидан хабардор бўлмаганини айтган.

Суднинг қайд этишича, қоидабузарликнинг моҳияти – диний таълимот ҳақидаги маълумотларни диний бирлашма аъзоси бўлмаган шахслар орасида оммавий тарқатиш ва уларни ушбу диний бирлашмага жалб қилишга уринишдан иборат.

Суд қарори билан унга 30 минг рубль (4 млн 938 минг сўм) жарима ҳамда мажбурий депортация жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Воронеж вилоятида 45 ёшли ўзбекистонлик эркак ноқонуний миграцияни ташкил этиш бўйича айбланаётгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

намоз Приморский миссионерлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг