Кубоксиз 6 та мундиал: Роналдунинг шонли, аммо аламли йўли

Таҳлил

image

Португалия терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги юриши 1/8 финалда Испанияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиш билан якунланди. Бу натижа нафақат жамоа учун, балки Криштиану Роналду учун ҳам бутун бир даврга нуқта қўйди. 41 ёшли ҳужумчи аввалроқ мазкур мундиаль унинг фаолиятидаги сўнгги Жаҳон чемпионати бўлишини маълум қилган эди. Шу тариқа, футбол тарихидаги энг буюк ўйинчилардан бири энг кўп орзу қилинган совринни қўлга кирита олмаган ҳолда мундиаллар билан хайрлашди.

Ўйин якунланганидан кейин Роналдунинг кўзларидаги ёш нафақат унинг мухлисларини, балки кўп йиллар давомида уни танқид қилиб келганларни ҳам бефарқ қолдирмади. Португалия яна бир бор катта умидлар билан бошланган турнирни кутилган натижасиз якунлади. Майдоннинг нариги томонида эса Испания навбатдаги халқаро соврин учун курашни давом эттирмоқда. Бироқ ўша кеча асосий муҳокама Испаниянинг тактикаси ёки Луис де ла Фуэнте жамоасининг истиқболлари ҳақида эмас, балки Криштиану Роналдунинг Жаҳон чемпионатлари билан хайрлашуви ҳақида бўлди.

Роналдунинг мундиаллардаги мероси қандай баҳоланади?

Испанияга қарши учрашув Роналдунинг бутун мундиалдаги иштироки каби баҳсли кечди. У ҳужум чизиғида фаол ҳаракат қилди, шерикларига қулай имкониятлар яратди, ўзи ҳам бир неча бор гол уришга яқин келди. Аммо энг муҳим вазифа – гол уришни уддалай олмади.

Шунга қарамай, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида киритган учта голи билан у Португалиянинг турнирдаги энг яхши тўпурарига айланди. 41 ёшли футболчи учун бу натижа муваффақиятсизликдан кўра, унинг аллақачон улкан бўлган статистикасини янада бойитган кўрсаткич сифатида баҳоланиши мумкин.

Роналдунинг бутун мундиаллардаги фаолиятига назар ташланса, Португалиянинг энг юқори натижаси ҳамон 2006 йилдаги тўртинчи ўрин бўлиб қолмоқда. Кейинги турнирларда жамоа кутилган натижаларга эриша олмади.

2010 йилда Португалия 1/8 финалда Испанияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. 2014 йилги мундиалда эса ҳатто гуруҳ босқичидан ҳам чиқа олмади. 2018 йилда жамоа яна 1/8 финалда қоқилди, бу сафар Уругвайга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. 2022 йилги Жаҳон чемпионатида португалияликлар чорак финалгача етиб борди, аммо Марокашга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди. 2026 йилда эса уларнинг юриши яна 1/8 финалда якунланди.

Шундай қилиб, олтита Жаҳон чемпионати давомида Роналду Португалияни мунтазам равишда ҳал қилувчи босқичларга олиб чиққан бўлса-да, футболдаги энг нуфузли совринни қўлга киритиш орзусини рўёбга чиқара олмади.

Роналдунинг мундиаллардаги рақамлари нимани кўрсатади?

Криштиану Роналдунинг Жаҳон чемпионатларидаги фаолиятига баҳо бериш осон эмас. Бир томондан, у Португалия футболи тарихидаги энг буюк футболчи сифатида эътироф этилади. Иккинчи томондан эса унинг миллий жамоа билан мундиаллардаги натижалари доимо баҳсларга сабаб бўлиб келган.

Бунинг асосий сабаби Роналдунинг фаолияти кўпинча Лионель Месси билан таққосланишидир. Аргентина Месси бошчилигида Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган бўлса, Роналду эса олти марта уринишга қарамай, бу чўққига чиқа олмади. Бироқ бу икки терма жамоанинг тарихи ва имкониятларини ҳам ҳисобга олиш лозим.

Аргентина Роналду даври бошланишидан анча олдин ҳам икки марта Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган футбол анъаналарига эга мамлакат эди. Португалия эса бундай мақомга ҳеч қачон эга бўлмаган. 1966 йилдаги учинчи ўринни ҳисобга олмаганда, португалияликлар Жаҳон чемпионатларида узоқ вақт сезиларли натижа қайд этмаган. Роналду миллий жамоага келгунга қадар Португалия 16 та саралаш циклининг атиги учтасида мундиалга йўлланма олган ва фақат 1966 йилги мусобақада гуруҳ босқичидан чиқишга муваффақ бўлган.

Айнан Роналду авлоди билан вазият кескин ўзгарди. У иштирок этган олтита Жаҳон чемпионати саралашининг барчасида Португалия финал босқичига чиқди. Бу мусобақаларнинг бештасида жамоа гуруҳ босқичидан ҳам муваффақиятли ўтди. Бу рақамлар Португалиянинг халқаро майдондаги барқарорлиги ва мунтазам юқори даражада иштирок этишида Роналдунинг ҳиссаси беқиёс бўлганини кўрсатади.

Шахсий статистика ҳам унинг мундиаллардаги ўрнини тасдиқлайди. Роналду Жаҳон чемпионатларида жами 27 та учрашувда майдонга тушган. Бу турнир тарихидаги иккинчи энг яхши кўрсаткич бўлиб, фақат Лионель Месси (30) ундан олдинда туради.

Бироқ голлар статистикасига назар ташланса, манзара унчалик бир хил эмас. Роналду мазкур 27 учрашувда 11 та гол урган. Эътиборлиси, улардан фақат биттаси плей-офф босқичида киритилган. У ҳам 2026 йилги мундиалнинг 1/16 финалида Хорватияга қарши баҳсда пенальтидан урилган гол бўлди.

Бу рақамлар Роналду ҳақидаги асосий баҳсларни янада кучайтиради. У саралаш босқичлари ва гуруҳ ўйинларида доимо юқори самарадорлик намойиш этган бўлса-да, ҳал қилувчи босқичларда жамоа тақдирини якка ўзи ҳал қила оладиган футболчи сифатида ҳар доим ҳам кутилган таъсирни кўрсата олмаган.

Шу билан бирга, унинг меросини фақат статистика билан баҳолаш ҳам тўғри эмас. Роналду Португалия футболининг халқаро имижини бутунлай ўзгартирди. Унинг даврида миллий жамоа мундиалнинг тасодифий иштирокчисидан ҳар бир йирик турнирда соврин учун даъвогар сифатида қараладиган жамоага айланди. Шу маънода, Жаҳон чемпионлиги қўлга киритилмаган бўлса-да, унинг Португалия футболи ривожига қўшган ҳиссаси тарихда алоҳида ўрин эгаллайди.

Португалия нега яна тўхтаб қолди?

Португалиянинг Жаҳон чемпионати билан хайрлашувидан кейин энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири терма жамао устози Роберто Мартинеснинг тактик қарорлари бўлди. Айниқса, Криштиану Роналдунинг бутун турнир давомида асосий таркибда майдонга туширилгани мутахассислар ва мухлислар ўртасида кескин баҳсларга сабаб бўлди.

Объектив қаралса, 41 ёшли Роналду энди аввалги каби 90 дақиқа давомида юқори темпда ҳаракат қиладиган футболчи эмас. Замонавий футбол эса ҳужумчилардан нафақат гол уришни, балки рақибга босим ўтказиш, ҳимоядан ҳужумга тез ўтиш ва жамоавий прессингда фаол қатнашишни ҳам талаб қилади.

Португалия таркибида эса бу вазифани бажара оладиган футболчилар етарли эди. Рафаэл Леау, Гонсалу Рамуш, Педру Нету ва бошқа ҳужумчилар юқори тезлик ва ҳаракатчанлиги билан рақиб ҳимоясига жиддий босим ўтказиш имкониятига эга эди. Аммо Роберто Мартинес деярли ҳар бир муҳим учрашувда тажрибали сардорга ишонишни афзал кўрди.

Бу қарорнинг икки томони бор эди. Бир томондан, Роналдунинг тажрибаси ва етакчилик фазилатлари ҳар қандай жамоа учун катта устунлик ҳисобланади. Иккинчи томондан эса жамоа баъзан ҳужумда керакли тезлик ва динамикани йўқотиб қўйди.

Айрим таҳлилчилар фикрича, Мартинес футболдан кўра кўпроқ кийиниш хонасидаги муҳит ҳақида ўйлаган. Роналдуни захирада қолдириш жамоада ортиқча босим пайдо қилиши ёки ички муҳитга салбий таъсир кўрсатишидан хавотир олган бўлиши мумкин. Натижада испаниялик мутахассис энг оғир қарорни қабул қилишдан қочди.

Португалиянинг Испанияга қарши баҳси айнан шу танлов қанчалик тўғри бўлгани ҳақидаги баҳсларни янада кучайтирди. Жамоа тўп назоратида рақобат қилди, бироқ ҳужумларнинг ҳал қилувчи қисмида тезлик ва ўткирлик етишмади. Ўйиннинг сўнгги қисмида эса Португалия кўпроқ ҳиссиёт билан ҳаракат қилди, аммо бу ҳисобни ўзгартириш учун етарли бўлмади.

Роберто Мартинес 2023 йил бошида Португалия терма жамоасини қабул қилиб олганида ундан катта натижалар кутилган эди. У қисқа вақт ичида жамоага Миллатлар лигаси ғолиблигини олиб келди. Бироқ Жаҳон чемпионати ҳар қандай мураббий фаолиятининг асосий мезони ҳисобланади ва айнан шу турнирда Португалия яна кутилган натижага эриша олмади.

Бу Мартинес учун биринчи шундай ҳолат эмас. У аввал Бельгиянинг “олтин авлоди” билан ҳам йирик турнирларда ишлаган, аммо ўша жамоа ҳам бирор марта Жаҳон ёки Европа чемпионати финалига чиқа олмаган. 2018 йилги Жаҳон чемпионатидаги бронза медали унинг энг катта ютуғи бўлиб қолмоқда.

Шу боис Португалиянинг 2026 йилги мундиалдаги иштирокини нафақат Роналду даврининг якунланиши, балки Роберто Мартинес лойиҳасининг ҳам муваффақиятсиз тугагани сифатида баҳолаш мумкин. Кўп ўтмай мутахассис ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди ва энди Португалия футболини янги давр кутмоқда.

Роналдунинг миллий жамоадаги мероси эса натижалардан қатъи назар сақланиб қолади. У Португалияни мунтазам равишда йирик турнирларга олиб чиққан, футболнинг мамлакатдаги нуфузини янги босқичга кўтарган ва бутун бир авлод футболчилари учун намунага айланган шахс сифатида тарихдан жой олди. Аммо футболда энг буюк карьералар ҳам баъзан энг катта совринсиз якунланиши мумкин.

Ишончли Испания: ғалаба ортида тактика, захира кучи ва чемпионлик ишораси

Португалия устидан қозонилган минимал ҳисобдаги ғалаба Испанияни Жаҳон чемпионати чорак финалига олиб чиқди. Бир қарашда 1:0 ҳисобидаги натижа Испаниянинг навбатдаги ишончли ўйинидек кўринса-да, учрашув давомида воқеалар анча мураккаб кечди.

Статистикага назар ташланса, Испания турнир давомида ҳали бирорта ҳам гол ўтказиб юбормаган ягона жамоа бўлиб турибди. Бу нафақат ҳимоя чизиғининг мустаҳкамлигини, балки бутун жамоанинг тактик интизоми юқори даражада эканини ҳам кўрсатади. Бироқ Португалияга қарши баҳсда испанлар аввалги учрашувларидагидек тўлиқ устунлик қила олмади.

Португалия қанотлардаги ҳужумларни чеклашга ҳаракат қилди ва Испанияни марказ орқали ҳужум ташкил қилишга мажбур этди. Бу эса Луис де ла Фуэнте жамоасининг асосий қуролларидан бири бўлган тезкор комбинацияларни маълум даражада самарасиз қилди.

Биринчи бўлимда Испанияда деярли битта жиддий голли вазият юзага келди. Микель Оярсабаль рақиб дарвозаси олдида хавф туғдирди, аммо ҳисобни очишга эриша олмади. Шу билан бирга, Португалия ҳимояси ўйиннинг катта қисмида жуда уюшқоқ ҳаракат қилди. Айниқса, 75-дақиқагача испанлар рақиб жарима майдонида етарлича бўш ҳудуд топа олмади.

Учрашув тақдирини ҳал қилган асосий омиллардан бири Луис де ла Фуэнтенинг ўз вақтида амалга оширган алмаштиришлари бўлди. Захирадан майдонга тушган Ферран Торрес ҳужум чизиғига янги суръат ва ҳаракат олиб кирди. Унинг фаоллиги Португалия ҳимоясига қўшимча босим юклади.

Бундан ҳам муҳимроқ қарор ярим ҳимояда қабул қилинди. Педри ва Дани Ольмо ўрнига Микель Мерино ҳамда Фабиан Руиснинг майдонга туширилиши Испания ўйинини бутунлай ўзгартирди. Мерино ҳал қилувчи голга муаллифлик қилди, Руис эса марказда тўп назоратини кучайтириб, жамоанинг ҳужумларини янада барқарорлаштирди.

Бу ҳолат Испаниянинг ҳозирги энг катта устунлигини намоён қилди. Жамоа фақат асосий таркибга эмас, балки юқори савияли захира ўриндиғига ҳам эга. Ўйин тақдирини ўзгартира оладиган футболчиларнинг мавжудлиги йирик турнирларда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Энди Испанияни чорак финалда Бельгия кутмоқда. Қоғозда испанлар фаворит саналади. Бироқ Бельгия ҳали ҳам тажрибали ва юқори савияли ижрочиларга эга жамоа бўлиб қолмоқда. Улар АҚШ устидан ишончли ғалаба қозониб, ҳали ҳам катта ўйинларда рақибни ҳайратда қолдириш имкониятига эга эканини намойиш қилди.

Шу боис Луис де ла Фуэнте шогирдлари учун чорак финал осон сайр бўлмайди. Испания ҳозирча турнирнинг энг барқарор жамоаларидан бири бўлиб кўринмоқда, аммо чемпионлик учун даъвогар мақомини сақлаб қолиш учун ҳар бир кейинги баҳсда янада юқори савияда ўйнашга тўғри келади.

Португалия билан учрашув эса муҳим ҳақиқатни кўрсатди: катта турнирларда индивидуал маҳоратдан ташқари, мураббийнинг ўйин давомида қабул қиладиган қарорлари ҳам тақдирни ҳал қилади. Испания айнан шу жиҳатда рақибидан устун келди ва чемпионлик сари яна бир қадам ташлади.

Янги давр бошланиши

2026 йилги Жаҳон чемпионатининг 1/8 финали икки терма жамоа учун икки хил маъно касб этди. Испания учун бу – чемпионлик сари яна бир қадам бўлса, Португалия учун бутун бир даврнинг якунланишига айланди.

Криштиану Роналду Жаҳон чемпионлигини қўлга кирита олмаган ҳолда мундиаллар билан хайрлашди. Бу унинг фаолиятига баҳо беришда доимо энг кўп тилга олинадиган жиҳат бўлиб қолиши мумкин. Бироқ футбол тарихи фақат совринлар билан ёзилмайди.

Шу билан бирга, бу мундиал яна бир ҳақиқатни тасдиқлади: ҳатто энг буюк футболчилар ҳам вақтни енга олмайди. Роналду ҳали ҳам юқори савияда ўйнай олишини кўрсатди, аммо ҳал қилувчи босқичларда ўйин тақдирини якка ўзи ўзгартира оладиган футболчи эмаслиги ҳам яққол намоён бўлди. Португалия энди янги авлод ва янги ғоялар асосида қуриладиган жамоа шакллантиришига тўғри келади.

Испания эса аксинча, ўзининг энг муҳим устунлигини намоён қилди. Луис де ла Фуэнте жамоаси фақат индивидуал маҳорати эмас, балки тактик интизоми, кучли захираси ва ўйин давомида вазиятга тез мослаша олиши билан ҳам ажралиб турибди. Чемпионлик учун курашда айнан шундай сифатлар ҳал қилувчи омилга айланади.

Португалия учун бу мағлубият фақат навбатдаги чиқиб кетиш эмас, балки бутун бир авлод билан хайрлашув рамзи бўлди. Испания учун эса бу ғалаба йўлнинг якуни эмас, балки энг оғир синовлар эндигина бошланаётганини англатади. Жаҳон чемпионатлари тарихи шундай: бир афсона саҳнани тарк этаётган пайтда, бошқа жамоалар янги тарих ёзишда давом этади.

Роналду феномени: чемпион бўлмасдан ҳам буюк бўлиш мумкин

Футбол тарихида буюкликни фақат совринлар билан ўлчаб бўлмайди. Акс ҳолда, чемпионлик зарбасини осмонга учирган Роберто Баджо футбол романтикаси сифатида ёд олинмаётган, Зинедин Зиданнинг 2006 йилги финалдаги “калла қўйиши” ҳозирда ўша йилги чемпионлардан кўра кўпроқ эсланмаётган бўларди.

Криштиану Роналду ҳам худди шундай феноменлар қаторига киради. У футбол тарихида Жаҳон чемпионлигини қўлга киритмаган энг буюк футболчилардан бири сифатида қолади. Бу, албатта, унинг фаолиятидаги энг катта бўшлиқ бўлиб қолаверади. Аммо шу билан бирга, бу омил унинг буюклигини инкор этмайди.

Аксинча, Роналду феномени айнан шундаки, у Жаҳон кубогини қўлга киритмаган бўлса ҳам, футбол тарихидаги энг буюк футболчилар ҳақидаги ҳар қандай баҳснинг марказида қолаверади. Бу эса жуда кам сонли спортчиларга насиб этади.

Унинг бутун фаолияти давомида ҳар бир голи, ҳар бир рекорди ва ҳар бир муваффақияти доимо Лионель Месси билан таққосланди. Бу рақобат шунчалик улкан эдики, охир-оқибат уларнинг ҳар бири иккинчисининг карьерасига маъно бағишлади. Агар Месси бўлмаганида, эҳтимол Роналдунинг 1000 га яқин голи, Чемпионлар лигасидаги рекордлари ёки миллий жамоадаги мислсиз натижалари бунчалик катта муҳокама қилинмас эди. Худди шундай, Роналдусиз Мессининг ҳар бир ғалабаси ҳам бу қадар юксак қадрланмаган бўларди.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг