“Крокус” терактида айбланганлардан бирини тергов изоляторидан озод қилиш сўралди

Олам

image

Россиянинг Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида уюштирилган терактда айбланаётган Муҳаммадсобир Файзовни ҳибсга олиш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар уни тергов изоляторидан озод этилиши сўралди. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар берди. 

Гумонланувчининг ҳимоячиси унинг соғлиғига ишора қилган. Адвокатнинг сўзларига кўра, у оғир яраланган ва ногиронлар аравачасида ҳаракатланмоқда. Маълумки, Файзов қўлга олиш вақтида тан жароҳати олган.

Файзовнинг адвокати Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияга ишора қилди.

Адвокатнинг фикрича, суд гумонланувчини ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилишда унинг соғлиғини эътиборга олмаган.

“Файзов ногиронлар аравачасида ҳаракатланади, даволанишга муҳтож, Файзовнинг тергов ва судга чиқиши бошқа эҳтиёт чоралари билан таъминланиши мумкин”, дейилади ҳибсга олиш устидан берилган шикоятда.

Маълум бўлишича, май ойида ҳам адвокат суддан Файзовга нисбатан қамоққа олишни бекор қилиш ва бошқа эҳтиёт чорасини танлашни сўраган. У Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияга ишора қилган. Келтирилишича, айбланувчи судга замбилда олиб келинган ва у судья ва жараённинг бошқа иштирокчилари билан қўл ишораси билан мулоқот қилган.

Бироқ суд адвокатнинг далилларини ишончли деб топмаган.

Воқеага қадар сартарош бўлиб ишлаган Файзовнинг ҳибсга олиш муддатини узайтириш тўғрисидаги апелляцияни кўриб чиққан Москва шаҳар суди унинг тергов изоляторида сақланиши учун ҳеч қандай тиббий контрендикацияга эга эмас деб ҳисоблади.

“Жиноят ишини тергов қилишда дастлабки терговнинг самарасизлиги ва бюрократия ҳақида ҳеч қандай маълумот аниқланмаган”, дейилади Москва шаҳар суди қарорида.

Икки кун олдин, 16 август куни Москванинг Басманний туман суди Файзовни, шунингдек, “Крокус” терактини уюштиришда айбланаётган яна уч кишини ҳибсда сақлаш муддатини уч ойга узайтирди. Улар жорий йил 22 ноябргача ҳибсда қолади.

“Иш бўйича тергов муддати 22 ноябргача узайтирилди. Муддат узайиши иш бўйича тергов ҳаракатларининг катта ҳажми билан боғлиқ”, дея тушунтирди айбланувчилардан бирининг ҳимоячиси Олег Власов.

Шу билан бирга, теракт ижрочиларига яна иккита модда бўйича айблов қўйилгани маълум бўлди. Энди улар Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси 3-қисми (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тайёргарликдан ўтиш) ва 205-моддаси 5-қисми (Террористик ташкилот фаолиятида иштирок этиш) бўйича айбланмоқда.

Иш материалларида айтилишича, концерт залида бўлган тўрт нафар ҳужумчи ҳам “Вилоят Хуросон” террорчилик гуруҳи аъзоларидир.

19 ёшли Муҳаммадсобир Файзов бунгача Ивановодаги сартарошхонада сартарош бўлиб ишлаган.

Терактдан кейин муассаса эгаси таҳдидлардан шикоят қилган. Ташкилотнинг таъкидлашича, сартарош улар учун бир неча ҳафта синов муддати билан ишлаган. 2023 йилнинг ноябрь ойидан бери у билан алоқа қилинмаган. Шунга қарамай, сартарошхонага ўлим таҳдиди билан қўнғироқлар келиб тушган ва ижтимоий тармоқларда хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган салбий шарҳлар қолдирилган.

Сартарошхона эгасининг айтишича, Файзов улар билан 2023 йил ноябридан 2024 йил январигача стажировкада бўлган, кейин у маошидан қониқмагани учун кетган.

“Ишлаганимда биз ҳеч қачон сиёсат ҳақида гаплашмаганмиз”, дея қўшимча сартарошхона хўжайини.


Мақола муаллифи

Теглар

тергов изолятори “Крокус Сити Ҳолл” Муҳаммадсобир Файзов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг