Кремлдаги люкс карантин: Путинни коронавирусдан сақлаш учун қанча пул сарфланган?

Олам 7743
image

Россия ўзининг вакцинасига эгалигига қарамасдан, Путин узоқ вақт COVID-19 га қарши эмланмади ва бунга муҳтож ҳам эмасди. Чунки ундан бошқа ҳамма карантинда бўлганида, Президент учун вирусга қарши жуда қиммат ҳимоя тизими яратилганди. Бу ҳақда BBC нашри ёзмоқда

Маълум қилинишича, Россия Президентининг девони Владимир Путин билан мунтазам равишда алоқада бўлган ёки учрашувга тайёргарлик кўрган одамларнинг соғлигини текширишга камида 6,4 миллиард рубль (тахминан 88 миллион АҚШ доллари – таҳр.) сарфлаган. Ушбу тизим Путинни коронавирус билан касалланишдан ҳимоя қилиш учун қурилган.

Учувчи ва стюардессалар, Путиннинг матбуот анжуманида қатнашган журналистлар, Президентнинг хизматчилари ва шифокорлари – буларнинг барчаси Путин билан учрашув олдидан вақтинча изоляцияда сақланган. 2020 йилнинг 24 июнида Ғалаба куни парадидан олдин, Путин ёнида маросимда бўлган ҳатто Иккинчи Жаҳон уруши фахрийлари карантин остига олинган. Эҳтимол, Президент маъмуриятининг кўплаб ходимлари, федерал вазирлар, давлат корпорациялари раҳбарлари ва хорижий давлатларнинг раҳбарлари ушбу кўп кунлик процедурадан ўтган.

Путин билан учрашиши керак бўлган одамлар карантинни ўташ учун Москва шаҳри, Москва вилояти, Сочи ва Ялтадаги Президент маъмуриятининг меҳмонхона, санаторий ва панционатларига жойлаштирилган. Улар карантинда бир неча кундан бир неча ойгача бўлган. 2020 йил декабрь ойининг ўрталарида бўлиб ўтган Путиннинг матбуот анжумани олдидан Президент билан учрашиши керак бўлган журналистларга ўз хоналаридан чиқиш, бир-бирлари билан мулоқот қилиш ва нарса улашишга рухсат берилмаган.

Президент Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Путин 23 мартга келиб эмланган. Бу вақтда эса мамлакатда вакцинация, аллақачон, уч ойдан бери давом этаётганди. Путинга қайси вакцина юборилгани ҳам маълум эмас. Шундай бўлса-да, Россия раҳбари билан учрашув олдидан кўрик жараёни ҳанузгача ишламоқда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 313
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×