Кремль Трасс Британия Бош вазири бўлганига муносабат билдирди

Олам

image

Буюк Британиянинг янги Бош вазири Лиз Трасснинг баёнотларидан келиб чиқиб, Россия билан муносабатларда ижобий ўзгаришлар кутилмайди, деб тахмин қилиш мумкин. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

“Тўғрисини айтсам, Трасс хонимнинг ташқи ишлар вазири бўлган, бу лавозимга номзод бўлган пайтдаги мамлакатимизга нисбатан баёнотларидан келиб ишонч билан айтишимиз мумкинки, яхши томонга ўзгаришларни кутишнинг ҳожати йўқ”, деган у.

Песков Россия Президенти Владимир Путин Трассни бу лавозимга тайинлангани билан табриклайдими ёки йўқми, деган саволга жавоб беромай, давлат раҳбаридан аниқлаштириш кераклигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрь куни Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ҳукмрон Консерватив партия етакчилиги учун курашда ғолиб чиқди.

47 ёшли Трасс номзоди учун Консерватив партиянинг 81 326 нафар оддий аъзоси овоз берди. Унинг рақиби, 42 ёшли собиқ Молия вазири Риши Сунак 60 399 нафар овоз олди. Шундай қилиб, Трасс ҳукмрон партия раҳбари сифатида 6 сентябрь куни Бош вазир лавозимида иш бошлайди ва янги ҳукуматни тузади.

Трасс Буюк Британиянинг 56-Бош вазири (ёки бу лавозимни бир неча марта эгаллаганларни ҳисобга олган ҳолда 78-ҳукумат раҳбари) ва қиролича Елизавета II давридаги 15-Бош вазирга айланади. У, шунингдек, Маргарет Тэтчер (1979 йилдан 1990 йилгача Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилган) ва Тереза Мэйдан (2016 йилдан 2019 йилгача) кейин Вазирлар Маҳкамасини бошқарган учинчи аёлга айланади.

Эслатиб ўтамиз, тез орада Жонсон эгаллаб турган лавозимини тарк этади. У жорий йилнинг 20 июль куни Бош вазир сифатида сўнгги бор Жамоалар палатасида нутқ сўзлаган.

2019 йилда Тереза Мэйнинг ўрнига Бош вазир лавозимини эгаллаган Жонсон 7 июль куни бош вазирлик ва Буюк Британия Консерватив партияси раҳбари лавозимини тарк этишини эълон қилди. У Вазирлар Маҳкамасининг янги раҳбари тайинлангунга қадар ишлашда давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

140

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг