Коррупцияга қарши курашишга коррупционернинг ўзи бош бўладими?

Жамият 9774
image

Жорий йилнинг 1 октябридан барча давлат органлари ва ҳокимликларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу тузилмалар ўз фаолиятида бевосита давлат органининг биринчи раҳбарига бўйсунади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йил 6 июлда имзолаган “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низомда белгиланган.

Қайд этилишича, намунавий низом давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларга татбиқ этилади. 

Энг қизиғи, назорат тузилмалари ўз фаолиятида бевосита давлат органининг биринчи раҳбарига бўйсунади. Улар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги  билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади, лавозимидан озод этиш масаласи Агентлик билан келишилади.

Қуйидагилар коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

•    ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш;
•    ташкилотда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга қарши курашиш;
•    ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимини самарали ишлашини таъминлаш ва мониторинг қилиш;
•    коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликни олиб бориш. 

Қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва жорий йилнинг 8 сентябридан кучга кирди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда одатда ҳоким ўнирбосари пора билан ушланади. Мисол тариқасида, 10 минг АҚШ доллар билан Қўқон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари, 2 минг доллар билан Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари ёки 20 минг доллар билан қўлга тушган Тошкент вилояти ҳокими ўринбосарини олиш мумкин. Бироқ, ушбу операциялар ортида ҳокимнинг ўзи турибди ёки унинг ҳам улуши бўлиши мумкин-ку, деган саволлар жамоатчиликда йўқ эмас. 

Зеро, бевосита ҳокимнинг қўли билан ҳам бундай жиноятлар амалга оширилган. Масалан, 2018 йилда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов нақд 400 минг доллар билан, Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев 2 миллион 140 минг АҚШ доллари билан ушланганини ҳали жамоатчилик унутгани йўқ. Шундай экан, давлат органлари ва ҳокимликларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларини йўлга қўйиб, унинг назоратини бевосита ушбу органнинг биринчи раҳбарига топширишдан нима наф? Қўшимча бўлим, қўшимча кадрлар ва ўз ўрнида қўшимча харажат қилишдан мантиқ кўринмаяпти. Лекин, қўшимча ишчи ўрни ташкил этилар экан.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 344
Рейтинг: 3
t
×