Коррупцияда айбланган Қирғизистон Бош вазири истеъфога чиқди

Олам 4276
image

Қирғизистон Республикаси Бош вазири Муҳаммадкалий Абилгазиев истеъфога чиқди. Бу ҳақда Қирғизистон Ҳукумати Матбуот хизмати хабар берди.

Унинг истеъфосига мамлакат парламенти – Жоқорғи Кенешнинг коорупцияга аралашиш айблови сабаб бўлди. Май ойи ўртасида мамлакат парламенти Бош вазир 200 МГц спектрли радиочастоталарни ноқонуний сотишга алоқадор бўлиши мумкинлигини айтиб чиққанди. Жоқорғу Кенеш депутатлари 2 та радиочастота Қирғизистоннинг мобил операторларидан бирига 1000 ва 700 қирғиз сомига сотилганини иддао қилган.

Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, Қирғизистон давлат алоқа агентлигининг собиқ директори Наталья Черногубова ва махсус хизматларнинг бир қатор ходимлари қўлга олинган. 

Парламентнинг 20 майдаги йиғилишида депутат Жанар Акаев Бош вазир Абилгазиев ушбу ишга алоқадор бўлиши мумкинлигини айтган. Депутат радиочастоталар Бош вазир рухсатисиз сотилиши имконсиз эканини айтиб чиқди.

Абилгазиев ўз баёнотида мамлакат коронавирус пандемиясига қарши курашаётган бир вазиятда Ҳукумат барқарор ишлаши кераклиги ҳамда терговга босим ўтказиш айбловига учрамаслик учун истеъфога чиқаётганини маълум қилган.

“Радиочастоталарни чўздириш ва қайта расмийлаштириш билан боғлиқ жиноий иш юзасидан Ҳукуматга нисбатан айблов қўйилгани муносабати билан ҳар томонлама объектив ва кенг кўламли тергов ўтказилиши ҳамда тергов органига босим ўтказди деган айбловларга йўл қўймаслик учун қисқа муддатли таътилга чиқишга қарор қилгандим.

Мен бу ишга алоқам йўқлигини аввал ҳам айтганман ҳозир ҳам такрорлайман, менга қўйилаётган айбловлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Икки ҳафталик таътилим давомида тергов органлари менга ҳеч қандай савол билан мурожаат қилмади. Тергов ҳаммасини жойига қўйиб, ҳақиқий айбдорларни топишига ишонаман.

Афсуски, тергов давом этяпти. Бугун мамлакат коронавирус инфекцияси ва унинг иқтисодиётга салбий оқибатлари билан курашаётган мураккаб вазиятда Ҳукумат барқарор ишлаши керак ва фуқароларнинг тўлақонли ишончини билиши зарур. Мавҳумлик Ҳукумат ишига ҳалал беради. Шу сабабдан мен Қирғизистон Бош вазири лавозимидан истеъфога чиқишга қарор қилдим.

Мен ўз вазифамда доим тўғри ва очиқ ишлаганман, жамоатчиликка фойда келтиришга ҳаракат қилдим. Ишонаманки, келажакда ҳам ўз тажриба ва билимларимни мамлакат ва жамоатчилик ривожи учун сарфлаш имкони бўлади”, деган Абилгазиев.

Абилгазиев 2018 йилдан бери мамлакат Бош вазири лавозимини эгаллаб келаётганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 49
Рейтинг: 3
t
×