Коррупционерларнинг қариндошларига давлат лавозимида ишлаш тақиқланади. Қирғизистонда

Олам

image

Қирғизистонда энди порахўр амалдорларнинг яқин қариндошларига давлат лавозимларида ишлаш тақиқланади. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХХ) раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси мамлакатда коррупция даражаси пасайганига қарамай, бу давлат идораларида муаммо бўлиб қолаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, коррупция жинояти учун ҳибсга олинган айрим шахслар баъзан муддатидан олдин озод бўлади, бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини чарчатган.

“Биз коррупцияга қўл урган амалдорларни ушлаб турамиз, лекин улар яна озодликка чиқарилади. Тўғрисини айтсам, бундай курашлардан аллақачон чарчаганмиз”, дейди у.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга кўра, коррупцияга қўл урган мансабдор шахслар давлат органларида ишлашдан умрбод четлатилади.

“Коррупционерлар жаримадан қутулганидан сўнг 1-2 йил ўтиб давлат хизматига қайтяпти ва яна ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилишда давом этмоқда. Аммо, энди жарима ўрнига ҳақиқий қамоқ жазоси қўлланилади”, дейди Қамчибек Ташиев.

Шунингдек, у коррупционерларнинг қариндошлари, жумладан, болалари ва ака-укаларини давлат хизматига киритмаслик заруриятини маълум қилди.

“Акс ҳолда коррупция авж олишда давом этади. Бундан буён ҳеч бир порахўр амалдор қамоқдан қочиб қутула олмайди, уларга нисбатан шартли озодлик қўлланилмайди. Коррупционер давлатнинг биринчи рақамли душмани”, деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг тегишли фармони билан мамлакатда давлат ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг штат ставкалари ва иш ҳақини ошириш тақиқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Қамчибек Ташиев Коррупционер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг