Коронавируснинг янги штамми 2021 йил учун катта муаммо бўлади – ЖССТ
Олам
−
29 Декабрь 2020
143372021 йилда жаҳон ҳамжамияти янги коронавирус турларини ўрганишга катта эътибор қаратиши керак. Бу ҳақда Женевада бўлиб ўтган брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебрейесус айтиб ўтди. Брифинг ташкилотнинг Twitter саҳифасида трансляция қилинган.
“Келгуси йилда қийинчиликлар ва янги муаммолар бўлади, масалан, COVID-19 нинг янги вариантлари”, дейди Гебрейесус.
Унга кўра, ЖССТ коронавируснинг қандай ўзгаришини, шунингдек, бу мутациялар унинг тарқалиши ва одамларда касаллик келтириб чиқариш қобилиятига қандай таъсир қилишини яхшироқ ўрганиш учун дунё олимлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Гебрейесус Буюк Британия ва Жанубий Африкага янги турларни синовдан ўтказгани ва аниқлагани учун миннатдорлик билдиргвн ва бошқа мамлакатларни коронавируснинг янги турлари тўғрисида маълумот алмашишга ундаган.
Аввалроқ, коронавируснинг янги тури сентябрь ойида Буюк Британияда пайдо бўлиб, ноябрь ойининг ўрталарида фаол тарқалишни бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Кўрилаётган чоралар фонида Лондон аҳолиси шаҳар ташқарисига чиқиб кетишга ҳаракат қилиб, темир йўл станцияларида тўпланган. Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқланганидан сўнг, 20 дан ортиқ давлат ушбу мамлакат билан транспорт алоқаларини тўхтатди. Йўловчи ташишни тақиқлаш қайсидир давлатда йил охиригача, қаердадир январь охиригача амал қилади. Буюк Британиянинг ўзида карантин чекловлари максимал даражага кўтарилди.
Вируснинг янги версияси яна бир қанча мамлакатларда, жумладан Дания, Италия, Нидерландия ва Австралияда топилган. Декабрь ойида Нигерия ва Жанубий Африкада коронавируснинг янги мутациялари қайд этилган.
LiveБарчаси