Коронавируснинг Хитой иқтисодиётига таъсири баҳоланди
Олам
−
24 Февраль 2020
10761Хитойда пайдо бўлган COVID-19 коронавирусининг мамлакат иқтисодиётига таъсири қай даражада бўлишига баҳо берилди. Хитой Халқ Республикаси Ривожланиш ва ислоҳотлар бўйича давлат қўмитаси котиби Цун Лян коронавирус эпидемиясининг Хитой иқтисодига таъсири қисқа муддатли бўлиб, унинг узоқ истиқболига дахл қлмаслигини маълум қилди.
“Таъкидлаш керакки, бу эпидемиянинг ижтимоий-иқтисодий таъсири қисқа муддатли бўлиб, уни назорат қилиш мумкин ва мамлакат иқтисодининг узоқ истиқболдаги ривожланиш йўлини ўзгартирмайди”, деган Лян.
У эпидемияни профилактика қилиш бўйича чоралар самара бера бошлаганини, ҳукуматда эпидемиянинг иқтисодиётга таъсирини камайтириш ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий барқарор ривожланишини таъминлаш учун ишонч, ресурс ва шароит етарли эканини қўшимча қилди.
Шу билан бирга, Цун Лян эпидемия иқтисодиётга етарлича кучли зарба берганини тан олди. Вирус янги йил таътиллари вақтида истъемол бозори ва унга алоқадор хизматларга сезиларли таъсир қилганини айтди. Умумий олганда эпидемия асосан Хитойдаги ўрта ва кичик тадбиркорликка зарар етказди.
Жаҳон валюта жамғармаси коронавирус эпидемияси тезда бартараф этилса, у 2020 йилдаги Хитой ялпи ички маҳсулоти ўсишига катта таъсир қилмаслигини айтди.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 30 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Ливан, Миср, Эрон, Исроил ва Ироқда аниқланди.
Вирусдан бугунгача 2619 киши ҳалок бўлди, 79 561 киши у билан касалланди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.
Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь