Коронавирусга чалинган наманганлик ҳақида батафсил маълумот берилди
Жамият
−
26 Март 2020
23045Аввалроқ, Наманган вилоятида короанвирусга чалинган илк бемор аниқлангани ҳақда хабар берган эдик. Наманган вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази коронавирус аниқланиши юзасидан қўшимча маълумот берди.
Таъкидланишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига асосан коронавирус инфекцияси тарқалган ҳудудлардан келган, яъни коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар билан мулоқотда бўлганлиги аниқланган 30 нафар Наманган вилоятида яшовчи фуқаролар жорий йилнинг 24 март куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига карантин кузатуви учун ётқизилган ва барча фуқаролардан вирусология лабораториясига текширув учун намуналар олинган.
Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вирусология лабораторияси таҳлил натижаларига кўра, Наманган шаҳрида яшовчи 1 нафар фуқародан олинган намуналарда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди.
Олиб борилган эпидемиологик суриштирувлар жараёнида 1995 йилда туғилган ушбу фуқаро 2020 йил 12 март куни Истамбул-Тошкент ТК-1368 рейси билан Ўзбекистонга келган ҳамда 24 мартгача уй шароитида тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кузатувга олинганлиги маълум бўлди. Ушбу фуқаро тадбиркорлик учун Туркия давлатига бориб қайтганлиги аниқланди.
Ҳозирги кунда ушбу фуқаро билан оилавий ва яқин мулоқотда бўлган 11 нафар фуқаролар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилиб карантин кузатувига олинди, шунингдек у билан иккиламчи мулоқотда бўлган 43 нафар фуқаролар махсус жиҳозланган изоляторларга жойлаштирилди. Ҳозирда уларнинг соғлиги малакали мутахассислар томонидан назорат қилиб борилмоқда.
Юқоридаги 54 нафар фуқаролардан вирусологик текширув учун намуналар олинди, ҳозирда лаборатория таҳлиллари давом эттирилмоқда. Ушбу фуқаро билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Қўшимча маълумотлар тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда 65 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси