Коронавирус: ЖССТ Европа учун хавотирли прогнозини эълон қилди
Олам
−
22 Ноябрь 2021
5288Агар шошилинч чеклов чоралари кўрилмаса, Европада 2022 йил мартигача коронавирусдан яна 500 минг ўлим қайд этилиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа бюроси директори Ханс Клюге BBC’га маълум қилган.
У ҳимоя ниқобларини тақишни давом эттириш, эмлаш тезлигини ошириш, асосий соғлиқни сақлаш чораларига риоя қилиш ва янги даволаш усулларини жорий этишга чақирган.
Клюгенинг таъкидлашича, тарқалиш ортида қиш мавсуми, эмлашнинг етарли даражада эмаслиги ва юқумлироқ “Дельта” вариантининг минтақавий етакчилиги каби омиллар ётади.
Доктор Клюгенинг айтишича, мажбурий эмлашга “муҳим чора” сифатида қараш керак, аммо ҳозир бу масала бўйича “ҳуқуқий ва жамоатчилик муҳокамаси” ўтказишнинг айни вақти.
Таъкидланишича, сўнгги кунларда бир қатор Европа мамлакатлари расмийлари касалланишнинг кўпайиши сабабли коронавирусга қарши чеклов чораларини кучайтирган. Австрияда 22 ноябрдан бошлаб умумий локдаун эълон қилинган. У COVID-19 га қарши эмлаш мажбурий бўлишини эълон қилган биринчи Европа давлати ҳисобланади. Мамлакатда янги қоидалар февраль ойидан кучга кириши керак, чунки чора қандай қўлланилиши тафсилотлари ҳали ҳам муҳокама қилинмоқда.
Кўплаб бошқа Европа давлатлари ҳам ҳолатлар сони ортиб бораётганлиги сабабли янги чоралар кўрмоқда. Чехия ва Словакия эмланмаган одамларга янги чекловларни эълон қилган.
Германияда Соғлиқни сақлаш вазири Йенс Спан вазиятни “мамлакатда фавқулодда ҳолат” деб таърифлаган.
Буюк Британия ҳукумати доимий равишда Англия учун янги изоляция жорий этиш режаси йўқлигини айтиб келган, лекин мамлакатда баъзи ёпиқ жойлар учун мажбурий COVID паспортлари, баъзи ҳудудларда мажбурий юз ниқоблари ва уйдан ишлаш бўйича маслаҳатларни ўз ичига олган қўшимча чораларни киритиши мумкинлигини таъкидланган.
Аввалроқ, Европанинг йирик шаҳарларида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича чораларнинг кучайтирилишига қарши намойишлар авж олгани ҳақида хабар бергандик.
LiveБарчаси