Коронавирус етиб борган давлатлар 41 тага етди. Қурбонлар 53 нафарга кўпайди

Олам 5665
image

Бугун, 26 февраль ҳолатига COVID-19 коронавируси билан касалланганлар сони дунё бўйича 80 997 нафарга етди. Уларнинг 78 мингдан зиёдроғи Хитойда аниқланган.

Янги коронавирусдан даволанганлар сони 30 115 нафарни ташкил қиляпти. 8839 нафар одамнинг аҳволи ҳамон оғирлигича қолмоқда.

Коронавирус қурбонлари сони 2764 нафарга етди. Қурбонлар кечагига нисбатан 53 кишига кўпайди.

Аммо вирус янги-янги чегараларни забт этишдан тўхтамаяпти. Хусусан, Италия Европада коронавируснинг ўчоғига айланди. У ерда коронавиурсга чалинганлар 323 нафарга, қурбонлар 11 нафарга етди. Италиядан кейин вирус билан касалланганлар Швейцария, Австрия, Хорватия, Жазоирда аниқланди. Вирус Лотин Америкасига кириб борди. Минтақадаги энг йирик давлат Бразилияда коронавирус билан касалланиш қайд этилди.

Шунингдек, Жанубий Кореяда вирус тарқалиши авж оляпти. Бу ерда 2019-nCoV`га чалинганлар сони 1146 нафарга қурбонлар 12 нафарга етди.

Франция эса коронавирусни тўлиқ бартараф этганини эълон қилди. Мамлакатда вирусга чалинган 14 киши даволаниб, уйига жавоб берилди.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 41 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Ливан, Миср, Эрон, Исроил, Ироқ, Баҳрайн, Афғонистон, Қувайт, Уммон, Бразилия, Хорватия, Швейцария, Австрия ва Жазоирда аниқланди.

ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 122
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×