Коронавирус сабаб Осиё чемпионати мезбонлиги Ўзбекистонга берилди

Спорт

image
Яна бир халқаро мусобақа коронавируснинг “қурбони”га айланди north_east

Яна бир халқаро мусобақа коронавируснинг “қурбони”га айланди

COVID-19 коронавируси яна бир халқаро спорт мусобақасига таъсир ўтказди. Қозоғистонда ўтказилиши белгиланган Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати Ўзбекистонга кўчирилди. Бу ҳақда Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) матбуот хизмати хабар берди.

Мусобақа Қозоғистон ҳукумати Хитой билан чегарадош мамлакатлардан бўлган йўловчиларнинг ҳаракатига чекловлар киритгани сабабли бошқа жойда ўтказишга қарор қилинди.

“Осиё оғир атлетика федерацияси (AWF) ижроия кенгаши зудлик билан вазиятни муҳокама қилди ва мезбонликни Қозоғистондан Ўзбекистонга беришга қарор қилди”, дейилади хабарда.

Осиё чемпионати 16-25 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Аввалроқ, Tуркманистонда ўтиши керак бўлган футзал бўйича Осиё чемпионати ва Хитойда ўтиши керак бўлган бокс бўйича Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақа қолдирилганди.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 28 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия ва Мисрда аниқланди.

Вирусдан ҳалок бўлганлар 1873 нафарга, у билан касалланганлар 73 335 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

вирус Осиё чемпионати

Баҳолаганлар

75

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг