Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорларга янги имтиёзлар берилади – Президент фармони
Жамият
−
03 Апрель 2020
16844Маълумки, жорий йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди. Ушбу фармон билан тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар берилди.
Давлат раҳбари бугун, 3 апрель куни иқтисодиётни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун яна бир муҳим фармонга имзо чекди.
Бу ҳақда гапираркан давлат раҳбари “Қанчалик мураккаб бўлмасин, бюджетдан катта харажатларни талаб этмасин, қўшимча чораларни кўришга қарор қилдим”, дейди.
Ушбу фармонга кўра:
биринчидан, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Иккинчидан, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади.
Учинчидан, тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади. Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин.
Тўртинчидан, жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади.
Бешинчидан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади.
Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.
Бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов ҳам энди бекор қилинади.
Интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига жамғарма кафиллик беради (бугунги кунда 50 фоиз). Кафиллик суммасининг юқори чегараси ҳам 8 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилади.
Олтинчидан, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.
Бугун қишлоқларда кўп иш жойларини ташкил этиб, энди оёққа тураётган пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам алоҳида қарорга имзоланди. Уларнинг 2019 йилда пахта етиштириш учун олган кредитларини қайтариш муддати 1 октябргача узайтирилади.
Еттинчидан, аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланмоқда.
Жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.
Шунингдек, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.
Бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларни қамраб оламиз (ҳозирда 600 мингта).
Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.
Саккизинчидан, карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турларини янада қўллаб-қувватлаймиз.
“Мисол учун, мамлакатимизда 28 мингдан зиёд ҳунарманд фаолият кўрсатмоқда. Уларга ўтган йили 50 миллион доллар маблағ ажратилди, 12,5 мингта лойиҳа доирасида ҳунармандлар 75 мингдан ортиқ янги шогирдларни тайёрлади.
Ушбу соҳа учун бу йил яна 50 миллион доллар маблағ йўналтирилмоқда. Яратилаётган бундай шарт-шароитлар ҳунармандлар учун катта имкониятдир.
Энг асосийси, жойларда ностандарт ечимларни излаб, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва иш жойларини сақлаб қолиш, корхоналар фаолиятини давом эттириш зарур.
Ушбу мезон асосида вилоят, туман (шаҳар) сектор раҳбарлари, иқтисодий комплекс идоралари ўз иш режалари ва ишлаш услубларини қайта тузиб олишлари даркор”, дейди Президент.