Коронавирус қурбонлари сони 638 нафарга етди
Олам
−
07 Февраль 2020
6751Бугун, 7 февраль куни ҳолатига Хитойда пайдо бўлган янги коронавирус қурбонлари сони 638 нафарга етиб, кечагига нисбатан 73 нафарга кўпайди. Қурбонларнинг фақатгина икки нафари Хитойдан ташқарида вафот этган.
Дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 3205 нафарга ортиб, 31 481 нафарга етди. Беморларнинг 31 161 нафари Хитойда қайд этилган. Қолганлари дунёнинг 26 давлатида аниқланган.
Коронавирусдан даволанганлар сони 355 кишига кўпайиб, 1563 нафарга етди. Бу кўрсаткич кеча 1208 нафарга тенг эди. Беморларнинг 4824 нафари ёки 15 фоизининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.