Коронавирус қурбонлари сони 1873 га етди. Хитойда пулларни тозалаш бошланди
Олам
−
18 Февраль 2020
10472Бугун, 18 февраль ҳолатига Хитойда пайдо бўлган COVID-19 коронавируси билан касалланганлар сони 73 335 нафарга етди. Уларнинг 72 438 нафари Хитойнинг материк қисмида қолгани дунёнинг 30 яқин давлатида аниқланган.
Коронавирусдан даволанганлар сони 12 783 нафарга етди. Беморларнинг 20 фоизи ёки 11 795 нафари оғир аҳволда қоляпти.
Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 1873 нафарни ташкил қиляпти. Уларнинг 1868 нафари Хитойда ҳалок бўлган.
Расмий Пекин COVID-19 номи билан маълум бўлган вирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги чораларни эълон қилди. Хусусан, инфекция тарқалган ҳудудлардаги бинолар лифт тугмачалари, эшик тутқичлари ва бошқа вирус туриб қолиши мумкин бўлган жойлар мунтазам равишда дезинфекция қилинади.
Шунингдек, Хитой марказий ҳукуматининг хабар қилишича, ҳозирда барча Хитой банклари ўзларининг пулларини қайта тозалашлари, ултрабинафша нурлар ва юқори ҳароратлар билан тозалашлари, сўнгра етти кундан 14 кунгача сақлаши керак. Акс ҳолда, пуллар муомалага чиқарилмайди ва йўқ қилинади.
Валютага бўлган талабни қондириш учун банклар кўп миқдордаги янги, инфекцияланмаган нақд пул чиқаради.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 28 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия ва Мисрда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.
Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.