Коронавирус: қурбонлар 2,5 мингдан ошди. Вирус Ироққа ҳам кирди

Олам

image

Бугун, 24 февраль ҳолатига Хитойда пайдо бўлган COVID-19 коронавируси билан касалланганлар сони 409 нафарга кўпайиб, 79 561 нафарга етди. Янги касалланиш ҳолатлари фақатгина Хитойда кузатилди.

Коронавирусдан даволанганлар сони 25 023 нафарга етди. Беморларнинг 22 фоизи ёки 11 569 нафари ҳамон оғир аҳволда қоляпти.

2019-nCoV коронавирусидан вафот этганлар сони 150 нафарга кўпайиб, 2619 нафарга етди. Яқиндагина Эронда ҳам тарқала бошлаган вирус қўшни Ироқ давлатида ҳам аниқланди.

Эронда вирус тарқаши ортидан Туркия, Қувайт, Ироқ, Грузия, Арманистон, БАА, Афғонистон ва Покистон ушбу давлат билан чегарасини ёпди. Эрондан маҳсулотлар импорти ҳам тўхтатилди.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 32 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Миср, Эрон, Ливан, Исроил ва Ироқда аниқланди.

ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой вирус

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг