Коронавирус дунё миллиардерларига таъсир кўрсатмоқда

Олам 7151
image

2019-nCoV коронавируси туфайли Канаданинг "Gooce past" компаниясининг ижрочи директори Дани Реисснинг бойлиги кескин камайди ва миллиардерлик мақомини йўқотди. Бу ҳақда "Forbes" нашри хабар берди.

Қора кунлар

Коронавируснинг компания молиявий ҳолатига таъсири 2020 йил февраль ойида эълон қилинди. Хабарга кўра, Gooce акциялари 4 фоизга тушиб кетган.

Дани Реисснинг шахсий бойлиги бир миллиард доллардан ошиқ эди. Ҳозирда 874 миллионга тушиб кетди. Илгари у "Forbes" рейтингида 1717-ўринни эгаллаган, аммо 2020 йил 9 февраль ҳолатига кўра у рейтингга киритилмади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг биринчи чорагида 400 дан ортиқ компаниялар даромадларига коронавирус салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

Эпидемия туфайли акциялари нархи тушиб кетиши кутилаётган компаниялар орасига Yum China (унинг бошқарувига Хитойда фаолият кўрсатадиган  КФC, Pizza Hut ва Taco Bell тезкор овқатланиш ресторанлари тармоғи киради), Louis Vuitton Moet Hennessy ва Estee Lauder'лар киради.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.

Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 910 нафарга, у билан касалланганлар сони 40 554 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Шаҳноза Тўрамуротова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 169
Рейтинг: 3
t
×