Коронавирус борлиги инкор этилган Туркманистонда вазир COVID-19 га чалинди

Олам

image

Туркманистон Ташқи ишлар вазири, 61 ёшли Рашид Мередов коронавирус билан касалланди ва жорий йилнинг 24 август куни Ахал вилоятида Изгант қишлоғидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” хабар берди

Нашрнинг қайд этишича, охирги марта Мередов жорий йилнинг 20 август куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги иштироки пайтида телевизорда кўрсатилган. Ўшандан бери Мередов ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосари ўшандан бери Вазирлар Маҳкамасининг иккита мажлисида қатнашмаган. Мамлакат Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи билан эса Ташқи ишлар вазири эмас, балки қишлоқ хўжалиги соҳасини назорат қилувчи Бош вазир ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев шуғулланмоқда.

Нашрга кўра, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилинганда, унинг расмийси бу маълумотни рад этиб, вазирнинг ўз иш жойида эканини таъкидлаган. Мередовнинг ахборот майдонида йўқлиги вазирнинг Афғонистон ва дунёдаги вазиятга боғлиқ иши кўплиги билан изоҳланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил август ойида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишида эпидемиологик хавфсизлик бўйича вазирларни вазифасидан озод қилган. Катта эҳтимол билан бунга мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият сабаб бўлган. Эндиликда Вазирлар Маҳкамаси аъзоси ушбу вирусга чалинди. Бироқ расман Туркманистонда коронавирус қайд этилмаган.

Мустақил ОAВ хабарларига кўра, Туркманистонда COVID-19 пандемиясининг навбатдаги тўлқини авж олиши кузатилмоқда. Ашхабодда бозорлар ва кафелар қайта ёпилган, жамоат транспорти дезинфекция қилинмоқда, полиция ниқобсиз одамларни жаримага тортмоқда, корхона ва ташкилотлар ходимларидан эмланганлик гувоҳномаси талаб қилиниб, акс ҳолда уларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда. Ҳудудларда шифохоналар тўлган ва ходимлар етишмаяпти. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

140

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг