Коронавирус борлигини инкор этган “Арқадағ” эпидемиологик хавфсизлик бўйича вазирларни “учирди”

Олам

image

Жорий йил 25 август куни  Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди ва амалдорлар билан Туркманистон Фавқулодда комиссиясининг касалликлар тарқалишига қарши курашиш бўйича фаолиятини муҳокама қилди.

“Ҳозир бутун дунёни қамраб олган коронавируснинг Туркманистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чораларини кучайтириш зарур, вазирликлар, идораларда, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхоналарда ушбу вирусга қарши кураш чоралари тўғри ташкил этилиши, санитария ва эпидемиология қоидаларига қатъий риоя қилиниши шарт”, дея таъкидлаган Бердимуҳамедов.

Эпидемия ҳали Туркманистонга кириб келмаганини айтишдан тўхтамаётган Бердимуҳаммедов оилавий шифокорлар ва оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларга “мамлакатнинг ҳамма бурчакларида” профилактик чора-тадбирларни кўриш зарурлиги ҳақида тушунтириш ўтказишни буюрди, оммавий тадбирлар ўтказишни чеклаш бўйича таклифлар тайёрлашга кўрсатма берди.

Шунингдек, йиғилишда давлат раҳбари бир қатор мансабдор шахсларнинг ишдан олинишини эълон қилди:

•  Бош вазирнинг фан ва таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича ўринбосари Мамметмурат Гелдиниязов фаолиятидаги жиддий камчиликлари учун ишдан олинди. Ўрнига эса Сапартурди Тойлиев тайинланди. У бир вақтнинг ўзида Туркманистон Фанлар академияси раҳбари вазифасини ҳам бажаради.

•  Таълим вазири Ўразгелди Қурбонов ҳам ишидаги жиддий камчиликлари учун лавозимидан озод қилинди, унинг ўрнига Гурбангул Aтаева тайинланди. Бунга қадар Aтаева Aёллар уюшмаси марказий кенгаши ва Туркманистон касаба уюшмалари миллий марказини бошқарган.

•  Aрсланқилич Қиличов соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати вазирининг ўринбосари — Давлат санитария-эпидемиология хизмати раҳбари лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Мурат Маммедов тайинланди. Маммедов бунгача юқумли касалликлар марказлари бошқармаси бош директори бўлган, унинг ўрнини Aннамурат Режепов эгаллади.

•  Ишидаги жиддий камчиликлари учун Туркманистон Давлат миграция хизмати раиси, подполковник Бекмурат Овезов вазифасидан олинди. Унинг лавозимини Назар Aтагараев эгаллади.

Мустақил ОAВ хабарларига кўра, Туркманистонда COVID-19 пандемиясининг навбатдаги тўлқини авж олиши кузатилмоқда. Ашхабодда бозорлар ва кафелар қайта ёпилган, жамоат транспорти дезинфекция қилинмоқда, полиция ниқобсиз одамларни жаримага тортмоқда, корхона ва ташкилотлар ходимларидан эмланганлик гувоҳномаси талаб қилиниб, акс ҳолда уларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда. Ҳудудларда шифохоналар тўлган ва ходимлар етишмаяпти. Туркманистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантаналарда давлат хизматчиларининг иштирок этиш-этмаслиги савол остида қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

170

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг