Кореялик аёл 15 йилда 400 та пластик операция ўтказди
Олам
−
20 Октябрь 7661 2 дақиқа
Жанубий Кореяда яшовчи Гил Ли Вон исмли аёл 400 га яқин косметик муолажалар учун сўнгги 15 йил ичида 300 миллион вон (тахминан 210 минг доллар) сарфлади. Бу ҳақда у tvN STORY телеканалидаги шоуда гапирди.
Гил Ли Вон шоуда иштирок этар экан, 2010 йилда биринчи марта пластик жарроҳлик амалиётини ўтказгани ва шундан бери ортга қарамаганини айтиб ўтган. У коллеж имтиҳонларига тайёрланиш даврида семира бошлаган ва атрофдагилар унинг қоматини масхара қилган. Кейинчалик унинг собиқ севгилиси ташқи кўринишини танқид қила бошлаган ва бу Гилни жарроҳга мурожаат қилишга ундаган. Аёл биринчи муолажаси тафсилотларини ошкор қилмаган бўлса-да, бу унинг учун бошланғич нуқта бўлган, чунки у шундан кейин юзлаб процедураларни амалга оширган.
Воннинг айтишича, 27 ёшдан 30 ёшгача бўлган даврда унинг йигитларидан бири ташқи кўринишини мунтазам танқид қилиб келган ва бу унинг ўзига бўлган ишончи ҳамда ҳурматини пасайтирган. Шу сабабли, аёл ўз қиёфасини кескин ўзгартиришга қарор қилган. Ҳозирда у пластик жарроҳлик амалиётларидан афсусланмаслигини, аксинча, ҳозирги ташқи кўринишидан мамнунлигини ва ўзига бўлган ишончи тикланганини таъкидлайди.
Гил сўнгги 15 йил давомида ўтказган кўплаб косметик муолажалар ҳақида сўз юритар экан, пешонага ёғ кўчириш, қулоқ шаклини тузатиш, икки қовоқ жарроҳлиги, кўз контурини коррекция қилиш, бурун пластикаси (ринопластика), филтрум қисмини қисқартириш, ияк ва юз контурини шакллантириш, елка қисмини тўлдириш, бўртма ва бўлакларни бартараф этиш, бўйин терисидаги ортиқча ёғни олиб ташлаш, думба акупунктураси, бутун тана липосакцияси, томир ҳужайралари инекциялари ҳамда турли хил тери муолажаларидан ўтганини эслаб ўтади.
“Агар косметик муолажалар ва дерматолог кўрикларини ҳам ҳисобласангиз, мен жами 400 га яқин процедурадан ўтдим. Буларнинг барчаси вақт ўтиши билан тўпланиб борди”, дейди Гил.
Малумотларга кўра, у ҳали ҳам ўзгартирмоқчи бўлган айрим жиҳатларни ўйлаб юрса-да, липосакция бўйича мутахассиси унга ҳаддан ташқари ошириб юбормасликни ва мавжуд қоматини сақлашга эътибор қаратишни маслаҳат бергач, бу тавсияга қулоқ тутишга қарор қилган. Шунга қарамай, Гил янги ташқи кўринишини сақлаб қолиш учун деярли ҳар куни дерматолог ва клиникаларга мунтазам равишда боришни давом эттирмоқда.
Моҳичеҳра Қадамова