Кореяга “Хиннамнор” тўфони ёпирилди. Қурбонлар бор
Олам
−
07 Сентябрь 2022
6917Корея Республикаси қирғоқларига сўнгги йиллардаги энг йирик “Хиннамнор” тўфони ёпирилди. Оқибатда ҳозиргача 10 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакат шарқидаги Пхохан шаҳридаги сув босган автотураргоҳда етти киши ҳалок бўлган, қутқарувчилар икки кишини қутқаришга эришган. Умумий ҳисобда эса мамлакатда тўфон қурбонлари сони 10 тага етган.
“Фавқулодда хизматлар қидирув ва сув босган автотураргоҳни тозалаш ишларини давом эттирмоқда, бироқ янги омон қолганларни топиш даргумон”, деб ёзади агентлик.
Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль энг кўп тўфон таъсир қилган Пхохан шаҳрини махсус офат ҳудуди деб эълон қилиш ниятидалигини айтган. Шунингдек, у Пxоханга ташриф буюришини режалаштирмоқда.
Корея метеорология хизматининг маълум қилишича, тўфон 6 сентябрь куни Корея ярим оролининг жанубий қисмига етиб борган ва бир неча соатдан кейин Япония денгизи томон йўл олган.
Фарангиз Салимова