Кореядаги ёнғинда Ўзбекистон фуқароси бедарак йўқолди (видео)

Олам

image

Кеча, 30 январь куни Жанубий Кореядаги маиший буюмлар ишлаб чиқарувчи заводда содир бўлган ёнғин ортидан Ўзбекистон фуқароси бедарак йўқолди. Бу ҳақда “Yonhap News” хабар берди.

Маълум қилинишича, маҳаллий вақт билан 14:56 да Жанубий Кореянинг Чунгбук провинцияси Маэнгдонг қишлоғида жойлашган маиший буюмлар ишлаб чиқарувчи заводда ёнғин чиққан. Ёнғин тезда кенгайиб, ён-атрофдаги бошқа заводларга ҳам тарқалган. Ушбу заводда асосан нам салфеткалар ва болалар тагликлари ишлаб чиқарилган бўлиб, расмий маълумотларга кўра у ерда заҳарли кимёвий моддалар ёки хавфли юклар билан ишланмаган.

Ёнғин чиққан пайтда заводда ишлаётган 83 нафар ходимдан 81 нафари ўз вақтида эвакуация қилинган. Бироқ Непал фуқароси бўлган 20 ёшлар атрофидаги бир ходим ва Ўзбекистон фуқароси бўлган 50 ёшлар атрофидаги яна бир ходим билан алоқа узилган, улар бедарак йўқолган деб тахмин қилинмоқда.

Ёнғинни ўчириш учун фавқулодда вазиятлар хизмати “2-даражали жавоб режими”ни эълон қилган. Ўчириш ишларига 105 нафар қутқарувчи, 56 та махсус техника ва 4 та вертолёт жалб қилинган. Шамол таъсирида учган чўғлар тахминан 500 метр узоқликдаги яқин тоғ ёнбағридаги ўрмон ҳудудига ҳам ўт тушишига сабаб бўлган, аммо бу ёнғин соат 16:10 га келиб тўлиқ ўчирилган.

Ёнғин батамом ўчирилгач, ўт чиқишининг аниқ сабаби ва етказилган моддий зарар миқдори бўйича расмий текширув ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланднинг Супҳан Бури провинцияси, Дон Чеди туманида жойлашган пиротехника фабрикасида портлаш содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида тўрт киши – бир аёл ва уч нафар эркак жароҳат олган. Улардан бир эркакни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган. Қолган жабрланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ёнғин Ўзбекистон Жанубий Корея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг