Корал кальций ҳар дардга давоми?

Саломатлик

image

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга четдан олиб келинаётган корал кальций биологик фаол қўшимчаси ҳақида ҳар хил шов-шувли маълумотлар тарқатилмоқда. Жумладан, корал кальций жуда кўп дардларга шифо бўлиши, ҳатто, онкологик касалликларда ҳам яхши самара бериши ҳақида асоссиз хабарлар кўпайди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот котиби Фурқат Санаев мазкур маълумотларни атрофлича ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилди.

Дарҳақиқат, кальций моддаси инсон ҳаёти ва саломатлиги учун муҳим микроэлементлардан бири. Зеро, кальций инсон суяк тизимларини мустаҳкамлаш, организмда модда алмашинувини яхшилашда муҳим ўрин тутади. Шу сабабли таркибида кальций бўлган биологик фаол қўшимчалар доим харидоргир бўлиб келган.

Корал кальцийси ҳақида сўз юритиладиган бўлса, бу модда кальций карбонатининг бир кўриниши бўлиб, кальцийнинг дунёда энг кўп тарқалган тури ҳисобланади. Корал кальцийси тошланган коралдан олинади ва унинг минераллар таркиби оддий кальцийга қараганда бироз бойроқ бўлади. Ҳозирги кунда Тошкентдаги “B. B.” масъулияти чекланган жамияти хориждан олиб келинган ана шундай маҳсулотни аҳолига тақдим этмоқда. Ушбу МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказилган ва у тақдим этаётган маҳсулотлар тегишли мувофиқлик ва сифат сертификатига эга. Бироқ, четдан келтирилаётган корал кальций биологик фаол қўшимчаси нархи дорихоналарда сотилаётган кальций препаратидан жуда ҳам қиммат, самарадорлик борасида эса амалдаги тиббий препаратлардан у қадар фарқ қилмайди. Буни Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти лабораториясида ўтказилган тадқиқот ҳам исботлади.

“Бу иккала кальцийнинг асосини текшириш учун “Беверли” компаниясининг тармоқли маркетинг орқали сотилаётган кальций таблеткаси ва ундан анча арзон бўлган дорихоналарда сотилаётган кальций таблеткасини солиштириш мақсадида махсус тадқиқот ўтказдик. Порошок кўринишида бир хил миқдорда иккита намуна тайёрланди. Тадқиқотда иккала намунанинг асоси бир хил эканлиги аниқланди. Фақатгина “Беверли” компаниясига тегишли кальций намунасида минераллар таркиби бироз кўпроқ экан”, дейди мазкур институт илмий ходими Рустам Ашуров.

“Бу биологик фаол қўшимчани ҳар дардга даво деб талқин этиш мутлақо нотўғри. Бундан ташқари, инсон бирор дори-дармон ёки биологик фаол қўшимча истеъмол қилишдан олдин албатта шифокор кўригидан ўтиши лозим. Қолаверса, дори-дармон ёки биологик фаол қўшимчаларни ойлаб, йиллаб узлуксиз истеъмол қилиш асло мумкин эмас” дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармакалогия қўмитаси раиси ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Шоисломов.

Бахтиёр Шоисломовнинг таъкидлашича, таркибида кальций сақловчи ҳар қандай дори-дармон ёки биологик фаол қўшимчани ҳам ўз билганича ичиш нафақат фойда келтирмаслиги, балки турли хил салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. 

“Хусусан, биз юрак–қон томир тизими касалликларига мойиллиги бўлган шахсларда юрак ритмининг турли бузилишларига ва ҳатто ўлимга ҳам олиб келганлиги ҳақидаги аянчли маълумотларга эгамиз. Шунингдек, сийдик-тош касаллиги бор беморларда дардни зўрайтириб юборганлик ҳолатлари ҳам кўп кузатилган”, деди Шоисломов.

Шундай экан, касалликларни даволашда сифат ва миқдор жиҳатдан текширувлардан ўтказилган, шу билан бирга, хусусиятлари ҳам тўлиқ ўрганилган кальций сақловчи дори воситаларидан шифокор тавсиясига асосан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бугунги кунда мамлакатимизда кальций сақловчи жуда кўп самарали дори воситалари рўйхатдан ўтказилган ва дорихоналарда етарли миқдорда мавжуд, нархи ҳам ҳамёнбоп.


Мақола муаллифи

Теглар

ССВ Корал кальций

Баҳолаганлар

350

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг