Конгрессменлар мудофаа бюджетини маъқуллади. АҚШ қайси давлатларга пул беради?
Олам
−
11 Декабрь 3574 2 дақиқа
АҚШнинг 2026 йилги мудофаа бюджети ҳақидаги ҳарбий соҳаларга 901,1 миллиард доллар сарфлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Конгресс Қуйи палатаси – Вакиллар палатаси томонидан маъқулланди. 10 декабрь куни бўлиб ўтган овоз беришда қонун (National Defense Authorization Act, NDAA) 312 конгрессмен томонидан қўллаб-қувватланди, 112 нафари қарши чиқди. Ҳужжат келаси ҳафта АҚШ Сенатида ҳам қабул қилиниши кутилмоқда.
Ҳужжат, жумладан, 2026 ва 2027 йилларда Украинага – Россиянинг тўлиққонли босқинига қарши ҳимояланаётган мамлакатга – ҳарбий ёрдам сифатида ҳар йили 400 миллион доллар ажратишни кўзда тутади. Болтиқбўйи давлатлари мудофаа эҳтиёжлари учун 175 миллион доллар олади. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида АҚШнинг Европадаги ҳарбий контингентини қисқартиришга доир янги чекловлар жорий этилмоқда.
Тайвань билан ҳамкорликни ривожлантириш учун 1 миллиард доллар ажратилиши белгиланган – бу Пекин томонидан эҳтимолий тажовуз хавотирлари фонида амалга оширилмоқда. Ҳужжат, шунингдек, АҚШнинг Хитойдаги айрим технологияларга, жумладан, сунъий интеллект ва ҳарбий технологияларга қаратилган инвестицияларига янги чекловларни жорий қилади. “The New York Times”нинг ёзишича, бу АҚШ капитали Хитой технологияларининг ривожига катта ҳисса қўшмаслиги учун қилинган қадамдир.
Исроилга ракетларга қарши мудофаа мақсадларига ажратиладиган маблағ оширилган. Ҳужжатда 1991 ва 2002 йилларда Ироқда ҳарбий куч ишлатишни рухсат этган икки резолюция бекор қилинмоқда. Шунингдек, АҚШнинг Сурияга нисбатан санциялари тўлиқ бекор қилингани мустаҳкамлаб қўйилган. “Reuters”нинг ёзишича, Конгресс АҚШ қўшинларини хорижга юбориш масалалари устидан кўпроқ назоратни қўлга киритишни истамоқда.
Мудофаа бюджети лойиҳасида АҚШ Президенти Дональд Трамп танқид қилиб келган турлилик, тенглик ва инклюзивлик (diversity, equity, inclusion — DEI) дастурларини қисқартириш назарда тутилган. Хусусан, ҳужжат трансгендер аёлларни ҳарбий академияларда аёллар спорт гуруҳларида қатнашини тақиқлайди. Бироқ жинсни ўзгартириш билан боғлиқ терапия харажатлари сақлаб қолинган.
Вакиллар палатаси маъқуллаган ҳужжатда ҳарбий хизматчиларнинг маош ва таъминот харажатлари 3,8 фоизга оширилиши назарда тутилган. Умумий 901 миллиард доллардан ортиқ маблағ Трампнинг 2026 йил учун сўраган бюджети миқдоридан юқоридир.
2025 йил май ойида Трамп 2026 молия йили (2025 октябридан 2026 сентябригача) учун 892,6 миллиард доллар бюджет сўраган эди. Вакиллар палатасининг дастлабки лойиҳасида ҳам шу миқдор белгиланган эди, аммо Сенат маблағларни 925 миллиард долларгача ошириш имконини маъқуллаган.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь