Конгода хавфли вирус тарқалди. Касалланганларнинг ярмидан кўпи вафот этди

Олам

image

Конго Демократик Республикасининг Касаи вилоятида Эбола вируси билан боғлиқ касаллик авж олди. Бу ҳақда мамлакат ҳукуматига таянган ҳолда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.

Ташкилотга кўра, 4 сентябрь куни 28 нафар одамнинг ушбу касалликка чалингани таҳмин қилинган ва уларнинг барчасида ушбу вирус аниқланган. Касалланганлардан 15 нафари вафот этган, улар орасида тўрт нафар тиббиёт ходими ҳам бор. Киншаса шаҳридаги Миллий биотиббий тадқиқотлар институтининг текширувларига кўра, касалликнинг сабаби Эболанинг Заир штамми экани тасдиқланган. 

Касаи вилоятига тезкор гуруҳ юборилган, улар орасида ЖССТ мутахассислари ҳам бор. Улар эпидемиология, инфекция назорати, лаборатория ва даволаш ишлари билан шуғулланмоқда. Шунингдек, аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Вилоятга шахсий ҳимоя воситалари, мобил лаборатория жиҳозлари ва тиббий материаллар етказилмоқда, бироқ йўл кўпроқ вақт олиши ҳамда ҳаво қатнови чеклангани сабаб Касаига кириш қийинлашган. 

ЖССТнинг Африка бўйича минтақавий директори Муҳаммад Жанаби вирус тарқалишини тезда тўхтатиш ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилаётганини айтган. Мамлакатда Эболага қарши курашиш учун Ervebo вакцинаси ва дорилар захираси бор, тез орада улар Касаи вилоятига етказилиб, тиббиёт ходимлари ва касалланганлар эмланади. 

Маълумотларга кўра, Конгода охирги Эбола авжланиши 2022 йил апрелида Экватор вилоятида кузатилиб, уч ойдан кам муддатда бартараф этилган. Касаи ҳудудида эса 2007 ва 2008 йилларда касаллик қайд этилган, 1976 йилдан бери мамлакатда жами 15 та авжланиш рўй берган.

Маълумот учун, Эболанинг асоратлари – юқори иситма, қусиш, диарея ва қон кетишилар. Вирус 1976 йилда Африкада илк бор қайд этилган бўлиб, бемор ёки ҳайвон қони ва суюқликлари орқали юқади ҳамда кўпинча ўлимга олиб келувчи оғир иситмани қўзғатади. Заир штаммига қарши Ervebo вакцинасидан фойдаланиш мумкин, асосий чоралар эса эрта аниқлаш ва тарқалишни қатъий назорат қилишдан иборат. 

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил бошидан буён Африка мамлакатларида 205 мингта холера касаллигини юқтириш ҳолати қайд этилиб, ўлим даражаси 2,1 фоизга етгани ҳақида хабар берилганди. Холера қурбонларининг асосий ўлим сабаби организмнинг сувсизланиши бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Конго Эбола Заир Экватор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг