Конгода қамоқхонадан қочишга уринган 129 маҳкум ҳалок бўлди
Олам
−
03 Сентябрь
8301Конго Демократик Республикаси (КДР) пойтахти Киншасадаги Макала марказий қамоқхонасидан қочишга уринган камида 129 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” нашри хабар берди.
Ички ишлар вазири Шабани Лукуга кўра, 24 киши отиб ўлдирилган, бошқалари оломон орасида бўғилиб қолиши оқибатида вафот этган. Маҳкумлар маъмурий бинони, шу жумладан шифохонани ёқиб, уни портлатишга ҳаракат қилган.
“Ҳозирча қурбонлар сони 129 киши, жумладан, огоҳлантиришдан кейин отилганлар 24 нафар. Бундан ташқари, 59 га яқин одам яраланган”, дейди вазир Луку.
Унинг қўшимча қилишича, маҳкумларнинг ушбу ҳаракатлари катта моддий зарар ва хавфсизлик хизматлари билан тўқнашувга сабаб бўлган, ҳозирда тинчлик ўрнатилган.
Қайд этилишича, эндиликда маҳкумларни қамоқхонадан кўчириш тақиқланган ва янги маҳкумлар учун бошқа қамоқхона қуриш белгиланган.
Маълумот учун, Макала қамоқхонаси КДРдаги энг катта қамоқхона бўлиб, 1500 маҳкумни сақлаш учун мўлжалланган. Ҳозирда унда 14-15 минг атрофида жазони ўтаётган ва суд жараёнини кутаётганлар сақланмоқда. Қамоқхонада олдин ҳам бу каби ҳолатлар қайд этилган. Жумладан, 2017 йил қуролланган шахслар ҳужуми оқибатида 4000 дан ортиқ маҳкум муассасадан қочиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерал Жазони ижро этиш хизматининг Волгоград вилоятидаги 19-колониясида интизомий комиссия йиғилишида маҳкумлар қамоқхона ходимларини гаровга олган эди. Кейинчалик ходимларни гаровга олган 4 нафар маҳкум махсус кучлар томонидан йўқ қилинди.
LiveБарчаси