Комилов Вашингтонда диний эркинлик бўйича ҳисобот берди
Жамият
−
21 Июль 2019
3302Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси жорий йилнинг 16-18 июль кунлари АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Диний эркинликларни илгари суриш бўйича иккинчи вазирлар конференциясида иштирок этди.
АҚШ ташббуси билан ўтказилаётган форумда ташқи ишлар вазирлари даражасидаги ҳукумат вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин пешволари ва фуқаролик жамияти фаолларидан иборат 115 дан ортиқ мамлакатнинг 1000 дан зиёд вакиллари иштирок этдилар. Унда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний сабабларга кўра таъқиб ва камситишга қарши кураш, дин ва имон эркинлигини ҳурмат қилишни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинган.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Абдулазиз Комилов конференциядаги нутқида Ўзбекистон делегацияси Диний эркинликларни илгари суриш бўйича иккинчи вазирлар конференциясига таклиф қилингани учун миннатдорлик билдирган. Бу эса Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида муваффақиятли амалга оширилаётган мисли кўрилмаган ислоҳотларни жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши деб қаралади.
Қайд этилганидек, эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасидаги реал илгарилаш бутун сиёсий-ҳуқуқий ислолотларнинг муҳим таркибий қисми саналади. Аввало, дин тўғрисидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва либераллаштиришга эътибор қаратилмоқда.
Диний адабиётларни ишлаб чиқариш, келтириш ва тарқатиш учун рухсат олиш жараёни соддалаштирилди. Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби янада такомиллаштирилди. Фақат 2019 йил бошидан буён Ўзбекистонда янги диний ташкилотлар рўйхатга олинган, исломий бўлмаган Сун Богим черкови ва ёвангелия христиан-баптистлар черкови шулар жумласидандир.
Абдулазиз Комилов ўз нутқида қуйидагиларни қайд этиб ўтган:
“Иегова шоҳидлари, Ёвангелия христиан-баптистлар черковлари иттифоқи ва Тўлиқ Ёвангелия христианлари маркази каби диний озчилик вакиллари қўшилиши ҳисобига Конфессиялар ишлари бўйича Кенгаш таркиби кенгайтирилди.
Диний таълим ва маърифат жамиятнинг маънавий ва аҳлоқий янгиланишининг муҳим омили бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ҳукумати ёшларни диний тарбиялашда аёлларнинг фаол иштирокини қўллаб қувватламоқда ва рағбатлантирмоқда.
Ўтган 20 йилда илк бор “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” қонун қайта кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистон бу жараёнга халқаро мутахассисларни жалб этишни мақсад қилган.
Яқин вақтда қонун лойиҳаси Халқаро диний эркинлик соҳасидаги алоҳида топшириқлар бўйича элчи Сем Браунбек офиси, АҚШ Ҳелсинки комиссияси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва БМТнинг Махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳидга халқаро эксперт баҳосини ўтказиш учун тақдим этилади.
БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолуциясининг қабул қилиниши халқаро ҳамкорлик соҳасида муҳим воқеалардан бўлди. Резолуциянинг асосий мақсади – “барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш”дир.
Ҳозирда Ўзбекистон тизимли тарзда дин билан боғлиқ жиноятларда айбланаётган инсонлар орасида жиноятлашув ва радикаллашувнинг олдини олиш, экстримизм сабаблари ҳақида эрта огоҳлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунда мамлакат “жаҳолатга қарши маърифат” тамойилига асосланмоқда.
Сўнгги уч йил ичида диний сабаблар билан судланган 20 мингдан ортиқ маҳбуслар авф этилдилар ва “қора рўйхат”дан чиқарилдилар. Жорий йилнинг май ойида давлат раҳбари топшириғига биноан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига алдов йўллари билан жалб этилган асосан аёллар ва болалардан иборат 156 та Ўзбекистон фуқаролари Тошкентга махсус самалётда келтирилдилар. Ҳозирда улар иш билан таъминланмоқда ва реабилитациядан ўтмоқдалар. Ушбу инсонпарварлик амалиёти давом эттирилади”.
Якунда Вазир таъкидлаганидек, мамлакатда диний эркинликларни таъминлаш доирасида Ўзбекистон халқаро, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари, хусусан, БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, АҚШнинг тегишли органлари ва бошқа манфаатдор томонлар билан кенг ҳамкорликни давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси Вазирлар конференциясида илк бор 2018 йилда ишторок этган эди. Ўтган йилнинг декабрида АҚШ давлат котиби Майк Помпео қарори билан Ўзбекистон биринчи маротаба диний эркинликар соҳасида алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхатидан чиқарилган.
LiveБарчаси