Байден Ҳукуматидаги муҳим шахс Ўзбекистонга келди
Жамият
−
03 Октябрь 2021
8671Бугун, 3 октябрь куни АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Уенди Шерман Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳамда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Адлия вазири Русланбек Давлетов ва Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашевдан иборат идоралараро делегация билан учрашди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири АҚШ вакилига Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Давлат департаменти вакили АҚШ томони Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Учрашувда минтақадаги вазият ва Афғонистондаги воқеалар ривожи юзасидан фикр алмашилди. Томонлар Афғонистонда кенг миллий ярашув ва инклюзив ҳукуматни шакллантириш жараёнига кўмаклашиш, мамлакатда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш, гуманитар инқирознинг олдини олиш зарурлигини таъкидладилар.
Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳатлари, хусусан, Стратегик ҳамкорлик мулоқотининг биринчи йиғилишини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Ўз навбатида Давлат котиби ўринбосари Ташқи ишлар вазири Комилов ва ўзбек халқини Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан муборакбод этди ва Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласидаги конструктив иштироки учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон АҚШ элчихонасининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, котиб ўринбосари ва вазир Комилов вакциналар тарқатиш орқали COVID-19 га қарши кураш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилишди. Давлат котиби ўринбосари АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклигининг аҳамиятини яна бир бор тасдиқлади ҳамда C5+1 форматида Ўзбекистоннинг минтақавий ва трансмиллий масалалар бўйича етакчилигини, шу жумладан унинг 2030-йилгача иссиқхона газларини ташқарига чиқаришни камайтириш бўйича улкан мақсадларни белгилаш мажбуриятини олқишлади.
Шерман, Ўзбекистон ўз ислоҳотлар дастурини амалга оширар экан, демократик ислоҳотларни давом эттириш ва инсон ҳуқуқларига ҳурматни янада ошириш муҳимлигини таъкидлади. Давлат котиби ўринбосари Шерман Ташқи ишлар вазири Комиловга ва идоралараро делегацияга Ўзбекистоннинг давомий ҳамкорлиги учун миннатдорлик изҳор этди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь