Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосарлари тасдиқланди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан 2019 йил 7 март куни қабул қилинган фармойишга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосарлари тасдиқланди. Бу ҳақда 7 март куни Агентлик матбуот хизмати хабар тарқатди.

Ходжиметов Авазбек Жаббаркулович — Агентлик директорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Авазбек Ходжиметов 1974 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат шарқшунослик институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш Олий мактабини тамомлаган.

2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби лавозимига тайинланган. 

2017 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати Ахборот-таҳлил ишлари бўйича сектори мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.

А. Ходжиметов Агентлик директорининг биринчи ўринбосари сифатида давлат ахборот сиёсатини амалга ошириш, соҳага оид қонунчиликни такомиллашлаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот таҳлили ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш каби вазифаларни бажариш учун масъул бўлади.

Раҳимова Наргизахон Асроровна — Агентлик директори ўринбосари лавозимига тайинланди.

Н. Рахимова 1978 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1999 йил Тошкент давлат техника университетини Иқтисодчи-муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлаган. 

2006 йилдан буён ахборот, журналистика соҳаси бўйича қатор лавозимларда фаолият кўрсатган. “Деловой партнер”, “Биржа” каби газеталар, қатор электрон оммавий ахборот воситаларида масъул лавозимларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Медиа марказида Бош мутахассис лавозимида фаолият юритган.

Наргизахон Раҳимова Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикасининг чет элларда ижобий имиджини шакллантириш – PR-марказ вазифаси ижроси, шунингдек, агентликнинг давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш каби вазифалар учун масъул бўлади.

Бозоров Ғайрат Назарович — Агентлик директорининг ўринбосари лавозимига тайинланди. 

Ғайрат Бозоров 1984 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. Тошкент Давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича - халқаро журналист. 

2016 йилда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги “O‘qituvchi” нашриёт-матбаа ижодий уйи Давлат корхонаси Маркетинг бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган. 

2018 йилдан буён шу кунга қадар нашриёт-матбаа ижодий уйи директорининг нашриёт ва маркатенг масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ғ. Бозоров Агентлик директорининг ўринбосари сифатида лицензиялаш ва назоратни ташкил этиш, нашриёт-матбаа соҳаси, китоб савдоси ва ахборот кутубхона ресурслари фаолиятини ривожлантириш каби вазифаларни бажариш учун масъул бўлади.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан, Агентлик директори ўринбосарларининг мақоми Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига тенглаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 4 февралдаги фармойиши билан давлат раҳбарининг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг