Коинотдаги ядро можароси: Россия АҚШни “кўз-қулоғи”дан айирмоқчими?
Олам
−
21 Февраль
14974Россия коинотга ядро қуролини олиб чиқиши мумкин. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Россия ядро қуролидан фойдаланган ҳолда, катта эҳтимол билан сунъий йўлдошларни ишдан чиқаришни режалаштираётган бўлиши мумкин.
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу аввалроқ, Россия коинотда ядро қуролига эга эмаслиги ва мамлакатнинг бундай режаси ҳам йўқлигини айтиб ўтганди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Россия ҳали орбитал қуролларни портлатишни режалаштирмаган бўлиши мумкин, бироқ кутилмаган ҳолатда бўлса ҳам ядровий портлаш глобал алоқага жиддий зарар етказиши ва Ер сунъий йўлдошларининг учдан бирига жиддий хавф туғдириши мумкин.
Америка оммавий ахборот воситалари ва сиёсатчилари ўтган ҳафта бошидан бери Россиянинг космосда ядро қуролини жойлаштириш таҳдиди ҳақида жар солмоқда.
Шундай қилиб, 14 февраль куни АҚШ Вакиллар палатасининг разведка қўмитаси раиси Майк Тёрнер АҚШ Конгрессида “Миллий хавфсизликка жиддий таҳдид” мавзусида ёпиқ брифинг ўтказган. Кейинроқ АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг аниқлик киритишича, бу Россиянинг сунъий йўлдошга қарши қуролларни ишлаб чиқиши билан боғлиқ. Унинг сўзларига кўра, Америка Президенти Жо Байден Москва билан бу масала бўйича тўғридан тўғри мулоқот ўтказишни буюрган ва улар аллақачон РФ Мудофаа вазири билан боғланишган.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ, бу даъволарни Конгрессни Украинага ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига овоз беришга қаратилган “Оқ уйнинг ҳийласи” деб атаган. Президент Владимир Путин Россия космосда ядро қуролини жойлаштиришга қатъиян қарши эканини айтиб ўтди.
Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, Москва коинотда бундай қуролларни жойлаштирмаган ва келгусида ҳам бундай нияти йўқ.
Отабоева Мадина
LiveБарчаси