Когон тумани ҳокими ўзгарди
Жамият
−
13 Март
6619Бухоро вилоятидаги Когон туманининг олдинги ҳокими Муҳиддин Эсанов лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига Отабек Қозоқов янги ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 13 март куни Халқ депутатлари Когон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Президент Администрацияси масъул ходими Саҳоб Сулаймонов, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари ва мутасадди ходимлари, туман фаоллари иштирок этган.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, охирги пайтда Муҳиддин Эсановнинг соғлиги ёмонлашгани унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда қийинчиликларни келтириб чиқараётганини айтган. Шу боис Муҳиддин Турдиевич Эсанов туман ҳокими лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилган. Шундан сўнг Эсанов Когон тумани ҳокими лавозимидан озод этилди.
Унинг ўрнини шу пайтга қадар “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси директори лавозимида ишлаб келган Отабек Нодирович Қозоқов эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 март куни Когон шаҳри ҳокими Ҳаёт Давлатовга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилганди.