Когон шаҳрининг янги “тўртлиги” тайинланди

Жамият 4224
image
-

Бугун, 3 март куни халқ депутатлари Когон шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди.

Сессияда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов Когон шаҳри иқтисодий салоҳияти билан вилоятда алоҳида ўринга эгалиги, хусусан, савдо, хизмат кўрсатиш ва саноатга ихтисослашган ҳамда транспорт логистикаси учун қулай транзит ҳудудлардан бири эканлигини таъкидлади. Бироқ сўнгги йилларда секторлар раҳбарлари томонидан шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш, инфратузилма ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳолатини яхшилашга етарлича эътибор қаратилмаганлигини қайд этди.

Сессия кун тартибида ташкилий масала кўрилди. Ботир Зарипов 2018 йилдан бери Когон шаҳрига раҳбарлик қилиб келган Ҳаким Ҳошимовни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирди. 

Депутатлар томонидан Когон шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб Ҳаёт Ҳасанович Давлатов номзоди тасдиқланди.

Ҳаёт Давлатов 1979 йилда Пешкў туманида туғилган. Маълумоти-олий. 1999 йилда Санкт-Петербург давлат университетини, 2006 йилда Бухоро давлат университетини ҳамда 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги-менежмент, иқтисодчи. 

У иш фаолиятини Бухоро вилояти монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармасида оддий назоратчи сифатида бошлаб, Бухоро вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Бухоро вилояти қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш консалтинг маркази директори, Бухоро вилояти Инвестиция бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. Шу вақтга қадар Бухоро вилояти қурилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Маълумки, Когон шаҳрининг қолган учта сектор раҳбарлари-шаҳар прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ҳам лавозимидан озод этилган эди. Сессияда ушбу лавозимларга ҳам янги раҳбарлар тайинланганлиги маълум қилинди. 

Жумладан, Когон шаҳар прокурори лавозимига Содиқжон Савриддинович Жўраев тайинланди.

Содиқжон Жўраев — 1982 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Маълумоти — олий. 2004 йилда Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган.  Мутахассислиги — ҳуқуқшунос. Мазкур лавозимга Когон туман прокурорининг ўринбосарлигидан ўтказилган. 

Когон шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимига Азизбек Жўраевич Ражабов тайинланди. 

Азизбек Ражабов — 1977 йилда Ромитан туманида туғилган. Маълумоти — олий. 1999 йилда ЎЗбекистон Республикаси ИИВ Академиясини, 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Олий академик курсини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос. Подполковник. Мазкур лавозимга Бухоро вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари-мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи лавозимидан ўтказилган.

Когон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимига Алишер Рустамович Латипов тайинланди.

Алишер Латипов — 1987 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Маълумоти — олий. 2008 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Мутахассислиги — суғурта иши. Мазкур лавозимга Шофиркон туман ДСИ бошлиғининг ўринбосарлигидан ўтказилган. 

Шунингдек, сессия кун тартибидаги масала юзасидан маҳаллий кенгаш депутатлари ва шаҳар фаолларининг фикр-мулоҳазалари эшитилди.

Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Когон шаҳри "тўртлиги" фаолиятини танқид қилиб, вилоят ҳокимига уларнинг ишда қолиш ёки қолмаслигини кўриб чиқиш вазифасини берганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 79
Рейтинг: 3
t
×