Когон шаҳри “тўртлиги” ишдан олиниши мумкин
Жамият
−
28 Январь 2021
5348Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор ўтказди. Йиғилишда ёшларнинг кўплаб муаммолари ечилмай қолаётгани танқид қилинди.
"Когон шаҳар 2-сектор раҳбари (шаҳар прокурори Ярашев) ёшлар билан учрашувда уларнинг 3 нафарини бир ҳафта муддатда иш билан таъминлайман, деб ваъда берган. Лекин орадан бир ой вақт ўтган бўлса-да, натижа йўқ", дея мисол келтирди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарига кўра, бу шаҳардаги бирорта сектор раҳбари жойларга тушиб ишламаяпти. Шу туфайли президент Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповга Когон шаҳри сектор раҳбарларининг лавозимга лойиқлигини ўрганиш бўйича топшириқ берди.
"Прокурорга вазифа, бир йиллик иш ҳақини кассага тўласин ҳаммаси. Ҳамма билсин шуни", деб топшириқ берди Президент.
Йиғилишда айтилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 18–30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз ёки 844 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу – умумий ишсизлик даражасидан 1,5 бараварга кўп.
Аммо Президентнинг таъкидига кўра, ҳисобга олинмаган ишсизлар сони эса бундан-да юқори.