Клопп ўйинлар тақвими борасида арз-у дод қилди

Спорт 2649
image

Англиянинг “Ливерпуль” клуби бош мураббийи Юрген Клопп ўйинлар тақвимининг зичлигидан нолиди ва футболчиларга дам олишлари учун танаффуслар берилиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда “Мirror” нашри хабар берди.

“Агар барча футболчилар танаффус қилса, бу муаммо эмас, балки яхши. Муаммо бошқа жойда, Жаҳон чемпионатида ўйнайдиган футболчиларда, бу одатий эмас. Тақвим жуда зич. Мен бу ҳақда гапира бошлаганимда, жуда ҳам ғазабланаман. Асосий муаммо шундаки, ҳамма тақвим нотўғри эканлигини билса-да, уни ўзгартириш учун ҳеч ким бу ҳақда тез-тез гапирмайди. Бирор нарса ўзгариши керак. Йил бўйи юқори тоифадаги футболчиларнинг ўйинини томоша қилиб, уларнинг ҳаракатларидан роҳатланиш мумкин эмас. Футболчиларда дам олиш учун имконият бўлиши керак”, деган Клопп.

Германиялик мураббийга кўра, 2022 йилнинг кузида Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати ҳам жуда ноқулай вақтда ўтмоқда.

“Тақвимлар иқлимга ўхшайди. Биз ҳаммамиз биламизки, бу ўзгариши керак, лекин ҳеч ким бунинг учун шахсан нима қилишимиз кераклигини айтмайди. Нега бу ҳақда гапириб, тақвимни тўғри йўлга қўймаймиз? Хонимлар ва жаноблар, FIFА, Премьер лига бир-бирингиз билан гаплашишни бошланг. Бу Жаҳон чемпионати жуда номақбул вақтда бўлиб ўтади”, деган “Ливерпуль” устози.

Қайд этиш керакки, FIFА 2026 йилдан ўзи ташкил қиладиган мусобақалар ичида энг каттаси Жаҳон чемпионатидаги терма жамоалар сонини 32 тадан 48 тага оширади. Албатта, ушбу қарорни чиқаришдан мақсад кўпроқ терма жамоаларга мундиалда иштирок этиш имкониятини бериш.

Бироқ жамоалар сони ошиши билан ўйинлар сони ҳам кўпаяди. Бунинг ортидан FIFА каттагина пул ишлайди. Шунингдек, тез орада Европа чемпионлар лигасида ҳам иштирокчиларнинг сони 32 тадан 40 тага кўпайтирилиши мўлжалланмоқда.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 28
Рейтинг: 3.1
t
×