КХДРда карантинни бузган амалдор қатл қилинди

Олам 13347
image

Хитойга борган КХДРлик савдо амалдори мамлакатига қайтгач, отиб ташланди. Бу ҳақда “Daily Mail” нашри хабар берди.

Амалдор карантиндан чиқиб, жамоат ҳаммомига борган. Қайд этиш керакки, КХДРда мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Хитойга борувчилар учун ҳарбий қонунлар ўрнатилган.

Aмалдорнинг карантиндан чиқарилиши бу КХДРда фуқароларнинг қўшни мамлакатга ташриф буюриши билан боғлиқ вазият бўлиб, у қонунни бузганлиги учун ўлимга ҳукм қилинган. Ҳукм ижро этилган.

Бундан ташқари, Шимолий Кореянинг яна бир мулозими Хитойга борганини яширишга урингани учун чекка ҳудуддаги фермага сургун қилинган. Шимолий Корея Хитой билан чегарани деярли бутунлай тўсиб, коронавирусга қарши энг қаттиқ карантин чораларини қўллади. КХДРда ҳозирча коронавирус билан оғриган бемор қайд этилмаган. 

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 27 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания ва Бельгияда аниқланди.

Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 1 491 нафарга, у билан касалланганлар сони 65 247 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Янги коронавирусга Novel Coronavirus Pneumonia (NCP) номи берилди. У бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 315
Рейтинг: 3
Теглар
t
×